16:54 | 12.09.23

                       

Наманганда араб шайхларига тақлид қилган куёвга жарима белгиланди

Фуқаро ИИБдаги суҳбатда келинга ноанъанавий либос кийдириб, тўйга диний тус берганини маълум қилган.

2023 йилнинг сентябр ойида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган «Куёв араб шайхларига ҳавас қилган кўринади» номли тўй маросими акс этган видео аҳоли орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Тўй маросимида куёв сифатида қатнашган фуқарога жарима белгиланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Аниқланишича, мазкур тадбир жорий йилнинг 31 август куни Наманган вилоятида ўтказилган бўлиб, унда куёв сифатида иштирок этган, 2000 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро И.А. Наманган вилоят ИИБга таклиф этилди.

Ўтказилган суҳбат давомида, И.А. ўз ташаббуси билан, шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда, тўйда келинга ноанъанавий кийимлар (бурқа шаклидаги) кийдириб, диний куй-қўшиқлардан фойдалангани ва тадбирга диний тус берганлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.

Шу муносабат билан, суд томонидан фуқаро И.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: