18:56 | 15.08.24
Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатиш рад этилди.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний қамоқхонада вафот этганидан 6 ой ўтиб, Тергов қўмитаси расмий қарорни чиқарди. Унинг хотини Юлия Навалная эрининг ўлимида жиноий аломатлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжатни эълон қилди.
Маълум қилинишича, ўлимга аритмия ва бир қанча касалликлар йиғиндиси сабаб бўлган. Шунинг учун Тергов қўмитаси сиёсатчининг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатишдан бош тортган.
Юлия Навалная сўзларига кўра, қарорни майор Варапаев имзолаган, у Алексейнинг жасадини оиласига беришдан бош тортган ва онасини яширин дафн маросимига рози бўлиш учун «шантаж қилган».
«Бу ҳақиқат эмаслигини биламан. Варапаевнинг қарори ёлғон эканлигини биламан ва улар ўша куни нима бўлганини яширмоқда. Биз яхши биламизки, Алексей касал бўлиб қолганда уни тиббий бўлимга эмас, балки жазо камерасига қайтаришган. У ерда ёлғиз ҳолда ўлган. У ҳушсиз ҳолда бўлганида тиббий бўлимга келтирилган. Ўлимидан олдинги сўнгги дақиқаларда у ошқозонида кучли оғриқдан шикоят қилган. Нега буларнинг барчаси Тергов қўмитаси қарорида йўқ? Колониядаги ҳамма жойда, жумладан, ҳожатхоналарда жойлашган камералар тасвирлари қаерда? Ўлим арафасида турган одамни жазо камерасига қамаб қўйган колония ходимларининг видеокамералари тасвирлари қаерда?» деб ёзди Навалная.
Юлия Навалная, шунингдек, Алексейнинг нарсалари ҳали оиласига топширилмаганига эътибор қаратди.
Алексей Навалний 2024 йил 16 феврал куни қамоқхонада вафот этди. Фақат 24 феврал куни унинг жасади онаси Людмила Навалнаяга берилди. 22 феврал куни унга кўрсатилган тиббий ўлим тўғрисидаги маълумотномада ўғлининг ўлими сабаблари «табиий» экани ёзилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: