15:01 | 08.07.24

                       

Навоийда 8 ёшли қизчани босиб кетган икки ҳайдовчи қамоққа олинди

Навоийда 8 ёшли қизчани босиб кетган икки ҳайдовчи қамоққа олинди. Ҳайдовчилардан бири йил давомида 12 маротаба тезликни ошириб жаримага тортилган.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 2-синф ўқувчиси машина босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бунга сабабчи бўлган икки ҳайдовчи қамоққа олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 1 июль куни соат тахминан 18:50 ларда фуқаро Н.А. BYD Song автомобилини Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлидан Зарафшон—Янгирабод йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, ўзи билан бир йўналишда кетаётган (ўзига олдиндан таниш бўлмаган) фуқаро Ф.А. бошқарувидаги BYD Song русумли автомобиль билан бир-биридан қувиб ўтишга ҳаракат қилган.

Ушбу йўлнинг Хатирчи туман тиббиёт техникуми ёнидан ўтган қисмига келганда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёда кесиб ўтаётган, 2016 йилда туғилган қиз Ш.Ш.ни дастлаб фуқаро Н.А. бошқурувидаги автомобиль туртиб ўтган, сўнгр, фуқаро Ф.А. ўз бошқарувидаги автомобиль билан уриб-босиб ўтиб ўтган.

Оқибатда қизча мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида иккала ҳайдовчи Н.А. ва Ф.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 4 июль куни уларга нисбатан айблов эълон қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва 5 июль куни уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳайдовчи Н.А. сўнгги бир йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғи талабларига риоя қилмаслик қоидабузарликларини содир этган. Ҳайдовчи Ф.А. эса сўнгги бир йил давомида бир маротаба транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга топшириш қоидабузарлигини содир этган.

ЙТҲ натижасида вафот этган қиз Ш.Ш. 2016 йилда Хатирчи туманида туғилган. Тумандаги 14-сонли мактабнинг 2-синф ўқувчиси бўлган. Онаси М.Ш. «Янгирабод» МФЙда яшовчи бобосиникига бир кун олдин қизалоқни олиб келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган.

Бобо ҳамда буви 2010 йилда туғилган ўғли, тумандаги 14-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Т. ҳамроҳлигида қизалоқни истироҳат боғига сайрга бориб келишига рухсат берган. Ҳолатга кўра, 2010 йилда туғилган Н.Т. аввал ўзи пиёдалар ўтиш жойидан ўтган ва бир оз ортда қолган, ҳали ўтишга улгурмаган қизалоқни чақирган. Қизалоқ транспорт воситаларининг ҳаракатига эътибор бермасдан, пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан ва кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.

Қайд этилишича, ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойида президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарорига асосан Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмасини ўрнатиш дастурга 2024 йил 1-чорак якунига қадар киритилган бўлиб, маблағ ажратилмагани сабабли ҳозирги кунга қадар ўрнатилмаган.

Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан 2024 йилда икки маротаба тугмали светофор ўрнатиш юзасидан тақдимномалар киритилган. Тақдимнома талаблари бажарилмагани учун Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 196-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: