16:44 | 09.09.24

                       

Навоийда Cobalt икки ўқувчини босиб кетди

Навоийда икки ўқувчини босиб кетган эркак 5 йилга қамалди. Марҳумларнинг ота-онаси ҳеч қандай пул керак эмаслигини айтиб, ҳайдовчига қонуний жазо сўраган.

Хатирчи туманида икки пиёданинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

ЙТҲ 2024 йил 12 апрель куни Хатирчи туманида содир этилган. 1967 йилда туғилган, тумандаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи Ғ.Қ. Cobalt машинасини йўл четида пиёда кетаётган вояга етмаганлар О.Б. ҳамда З.Ҳ.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида Хатирчи туманидаги касб-ҳунар мактаби ўқувчиси бўлган О.Б. воқеа жойида ҳалок бўлган. Навоий шаҳардаги 17-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси бўлган З.Ҳ. эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у ҳам орадан 2 кун ўтиб вафот этган.

Ғ.Қ. судда машинани 2023 йил октябрь ойида ўғли совға қилганини, Cobalt ўғлининг номида эканлигини айтиб, ЙТҲга бошқарув пайти чалғигани сабаб бўлганини маълум қилган. Марҳумаларнинг ота-оналари эса уларга ҳеч қандай моддий ва маънавий зарарлар керак эмаслигини билдириб, ҳайдовчига қонуний жазо қўллашни сўраган.

Суд ҳукми билан ҳайдовчи Ғ.Қ. Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: