Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини баҳолашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.
Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 1 октябрдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинади.
Бунда соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади ва баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади:
- жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш, уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
- тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш;
- кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
- соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
- Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар.