19:10 | 02.10.24

                       

Октябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди

Октябрь ойида мамълакат бўйлаб қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди.

«Ўзгидромет» октябрь ойида қандай об-ҳаво бўлишини прогноз қилди.

Маълум бўлишича, октябрь илиқ об-ҳаво билан бошланади. 2-4 октябрь кунлари ҳарорат кечалари 13-18 даража илиққача, кундуз кунлари 26-31 даража илиққача кўтарилади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ёмғир фақат 2 октябрь куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ва 3-4 октябрь кунлари республика шимолида ва чўл ҳудудларида ёғади.

Республика бўйича 5 октябрдан 10 октябргача ҳарорат фони пасаяди.
Ушбу даврда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 8-13 даража илиқ, кундуз кунлари 21-26 даража илиқ бўлади.

Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида 5-6 октябрь кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғади. 7-10 октябрда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.

Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 10-15 даража илиқдан 0-5 даража илиққача, кундуз кунлари 23-28 даража илиқдан 15-20 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида айрим ҳудудларда тупроқда ва ҳавода совуқлар кузатилиши мумкин. Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн қисмида (ўн кунликда 1-3 кундан) баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғларда қорга айланади.

Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: