13:12 | 19.04.23 368

Олий Мажлис палаталарининг парламент текширувини ўтказиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда

Бунда парламент текшируви Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарори билан ўтказилиши мумкин

Фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши таъминлангани демократик давлатнинг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Фуқаролар жамият ва давлат бошқарувида бевосита ёки билвосита, яъни ўзи сайлаган депутатлар орқали қатнашиши мумкин.

Депутатлар халқ ноиби сифатида очиқ ва ошкоралик асосида жамоатчилик фикри ва кучига таянган ҳолда ижро ҳокимиятини тийиб туриш учун парламент назоратини олиб боради. Халқ ҳаёти учун ўткир ва долзарб масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда парламентнинг иштироки даражаси қанчалик юқори бўлса, давлат бошқаруви фаолияти ҳам шунчалик самарали ва халқчил бўлишига хорижий давлатлар тажрибасидан ўтган аксиома дейиш мумкин.

Янгиланаётган Конституциянинг 93-моддасига кўра, Олий Мажлис палаталарининг парламент текширувини ўтказиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Бунда парламент текшируви Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарори билан мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ва воқеаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, палаталар орасидан тенглик асосида текширув ҳуқуқига эга бўлган ва фаолияти қонун билан тартибга солинадиган махсус комиссия тузилади.

Умуман олганда, парламент текшируви қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан жамият ва давлат ҳаёти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, шунингдек, уларни ҳал қилиш чораларини кўриш учун қўлланиладиган самарали демократик усул, деб атасак бўлади.

АҚШ, Франция ва Германия каби ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, хавфсизлик, атроф-муҳит, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар каби муҳим масалалар парламент текширувининг мавзуси бўлиши мумкин.

Шу сабабли экспертлар парламент назоратининг ушбу шаклини инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳолларда зиддиятли вазиятларни ҳал қилиш энг самарали усули сифатида қарайди.

Парламент текшируви жараёни одатда узоқ давом этади ва оммавий ахборотни ўрганишни, экспертларни жалб қилишни ва фуқароларнинг парламент йиғилишларида иштирок этишини ўз ичига олади. Парламент текширувлари натижалари парламентнинг расмий хулосаси бўлиб, унда ўрганилаётган масалани ҳал қилиш бўйича тавсиялар берилган.

Конституциявий ислоҳот натижасида Олий Мажлис палаталари ваколатларини кенгайтириш, уларга жамият ҳаётига таъсир кўрсатадиган энг долзарб масалаларни ўрганиш мақсадида тергов ўтказиш ваколати берилиши, халқ вакилларига қўшимча имкониятлар тақдим этилиши жамият ҳаётининг ўткир талаблари мунтазам равишда парламент фаолиятининг кун тартибида долзарб масала сифатида бўлишига олиб келади.

Умуман олганда, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларига аҳамияти юқори бўлган масалаларда текширувни амалга ошириш ваколати берилиши халқ талаб ва эҳтиёжларини акс эттирадиган замонавий демократик ҳуқуқий механизмни юзага келтиради.

Бекзод Наримонов,

Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи,

Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

 


Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади

Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади

20:51 | 09.12.23 84
Тошкент халқаро аэропортида катта қурилиш ва реконструкция ишлари бошланди

Тошкент халқаро аэропортида катта қурилиш ва реконструкция ишлари бошланди

19:08 | 09.12.23 301
Бирлашган Араб Амирлигида «Иқлим ўзгариши: илм-фан сиёсати» сессияси ўтказилди

Бирлашган Араб Амирлигида «Иқлим ўзгариши: илм-фан сиёсати» сессияси ўтказилди

17:11 | 09.12.23 410
Андижонда давлатни 2,4 млрд сўмга «туширган» майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

Андижонда давлатни 2,4 млрд сўмга «туширган» майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

16:42 | 09.12.23 454
БМТ Тараққиёт дастури томонидан дунёнинг 30 та давлатида Миллий мослашув режалари ишлаб чиқилади

БМТ Тараққиёт дастури томонидан дунёнинг 30 та давлатида Миллий мослашув режалари ишлаб чиқилади

16:15 | 09.12.23 243
Путин президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди

Путин президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди

15:30 | 09.12.23 482