18:12 | 23.09.24

                       

Олмалиқдаги мактабда болалар нимадан заҳарлангани номаълум қолмоқда

«Ўзсувтаъминот» 12 ўқувчи сувдан заҳарлангани рад этмоқда. «СЭС» мактабдан олинган 4 та ичимлик сув намуналари белгиланган меъёр талабларига жавоб беришини маълум қилган.

Олмалиқ шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган Бухоро мактабида 12 ўқувчи юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати «Сувтаъминоти» билан ҳамкорликда сувдан, озиқ-овқат маҳсулотларидан кимёвий таҳлил намуналарини олган.

«20 сентябрда Бухоро мактабида олинган 4 та ичимлик сув намуналари хулосасига кўра, ичимлик сув белгиланган меъёр талабларига жавоб беради. Бу эса юқорида қайд этилган касалланган ўқувчиларининг ичимлик сувига алоқаси йўқлигини кўрсатади», – дейилади «Ўзсувтаъминот» муносабатида.

Бундан ташқари, ҳудудда яшовчи аҳолидан ичимлик сув сифати бўйича маълумотлар олиниб, ичимлик суви сабаб соғлиқдан шикоятлар йўқлиги аниқланган.

Аввалроқ, Болалар омбудсмани ўқувчилар мактабда фильтрланмаган сув ичиб соғлигидан шикоят қилганини маълум қилган. Қайд этилишича, 15 сентябрдан 19 сентябргача 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган. Саломатлиги яхши бўлган ўқувчиларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.

Ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси, Болалар омбудсмани ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан текширув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: