19:21 | 21.06.24

                       

Омбудсман вакили ИИБ биносида вафот этган эркакнинг оила аъзолари билан учрашди

⚡️Омбудсман ички ишлар идорасига олиб кетилган эркакнинг ўлими юзасидан Бош прокуратурага хат юборди. У марҳумнинг оила аъзолари билан учрашган.

Тошкент вилоятида ИИБ биносига олиб кетилган ака-укалардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ, ички ишлар вазири вафот этган эркакнинг яқинларига таъзия билдирди. Омбудсманга кўра, унинг ўлими ҳолати ўрганилмоқда.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган ака-укаларга нисбатан куч ишлатилгани ҳолати ўрганилмоқда. Тошкент вилояти ИИББ расмий муносабатида марҳумнинг ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилган вақтида вафот этгани қайд этилган.

Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Ушбу ҳолат бўйича омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирди. Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратурага омбудсманнинг назорат хати юборилди.

Омбудсман ушбу ҳолат қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларининг очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: