16:45 | 19.08.24

                       

Оролбўйи экология сифати яхшиланади

Оролбўйи экологиясини яхшилаш борасидаги халқаро ҳамкорлик йўлга кўйилди. Хитойдан 127 000 АҚШ долларлик лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилган.

Оролбўйи халқаро инновация марказида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Хитой, Япония профессор-олимларидан иборат делегация билан учрашди.

Маълум бўлишича, делегация фанлар академиясининг Синсзян экология ва география институти, Шўрланиш шароитида биодеҳқончлик халқаро маркази (БАА), Япониянинг Тоттори университети Арид ва чўллар тадқиқот маркази, Япониянинг Мие университети Биоресурслар тадқиқоти институти профессор-олимларидан иборат.

Таъкидланишича, шўрланиш шароитида биодеҳқончлик халқаро маркази билан ҳамкорликда «Қорақалпоғистоннинг кам ривожланган туманларида ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ривожлантириш» бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа, Япониянинг Тоттори университети Арид ва чўллар тадқиқот маркази билан ҳамкорликда эса махсус тузни тозалаш плёнкаси ёрдамида фиксацияланган жўякли суғоришда сув самарадорлиги ва шўрланишни бошқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Учрашувда делегация аъзолари марказнинг тажриба-синов майдонида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ва тадбирлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинди. Шу билан бирга, «Aral dream» кўргазмасини томоша қилишди ҳамда Оролбўйи минтақасида яшил технологияларни тадқиқ қилиш, ишлаб чиқиш ва намойиш этиш бўйича қўшма лаборатория билан яқиндан танишишди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Якунда истиқболдаги вазифалар, янги лойиҳалар ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўналишлари белгилаб олинди. Бу эса, табиийки, томонлар ўртасидаги муносабатларнинг янада ривожланишига ва муҳим стратегик мақсадларнинг амалга ошишига хизмат қилади.

Маълумот учун, айни пайтда Оролбўйи халқаро инновация марказида Синсзян экология ва география институти билан ҳамкорликдаги лойиҳалар доирасида Саманбай ва Мўйноқ тажриба участкаларида жами 3,7 гектар майдонда 23 турдаги ноанъанавий тузга чидамли галофит ўсимликларида тажриба-синов ишлари амалга оширилди, тажриба участкасида томчилатиб суғориш тизими яратилиб, кичик метостанция ўрнатилди.

Бундан ташқари, Оролбўйи минтақасида яшил технологияларни тадқиқ қилиш, ишлаб чиқиш ва намойиш этиш бўйича қўшма лаборатория ташкил этилиб, Хитойдан қиймати 1 миллион юанлик (127 000 АҚШ доллари) лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилган ва ихтисослашган лаборатория ишга туширилган.

Қолаверса, Қорақалпоғистонда доривор «Sistanxe» ўсимлигини етиштиришни ўрганиш мақсадида Мўйноқ тажриба участкасида хитойлик олимлар билан биргаликда ўсимлик уруғини тажриба тариқасида экиш ишлари амалга оширилди.