12:08 | 27.08.24

                       

Осмонда 28 август куни ноёб астрономик ҳодиса юз беради

Осмонда 28 август куни ноёб астрономик ҳодиса юз беради.

2024 йилда астрофизиклар бир нечта ноёб астрономик ҳодисалар ҳақида эълон қилди: кометалар учиши, қуёш тутилиши, метеор ёмғирлари ва ниҳоят, сайёраларнинг катта паради. Навбатдаги парад 28 август куни юз бериши кутилмоқда.

Сайёралар паради нима?

Сайёраларнинг саф тортиши — астрономик атама бўлиб, бунда икки ва ундан ортиқ сайёра Қуёшнинг бир томонида тўғри чизиқда ёки бир-бирига яқин 20-30 градусли бурчакда жойлашади. Сайёралар паради эса ушбу ҳодисага бериладиган норасмий таъриф. Хусусан, NASA ўз нашрларида «сайёралар паради» атамасини қўллайди, шунинг учун бу ном оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг тарқалган.

Сайёралар парадининг турлари

  • Иштирок этган сайёралар сонига қараб, парадлар қуйидаги турларга ажратилади:
  • Мини сайёраларни паради — 3 та сайёра;
  • Кичик сайёралар паради — 4 та сайёра;
  • Катта сайёралар паради — 5 ёки 6 та сайёра;
  • Улкан (жами) сайёралар паради — 7 та сайёра (баъзан Плутон билан).
  • Осмонда икки сайёранинг учрашиши конвергентсия ёки бирикма дейилади.

Одамларга таъсири борми?

Ушбу ҳодисанинг инсон организмига таъсири етарлича ўрганилмаган. Ижтимоий тармоқларда ҳодиса баъзиларнинг кайфиятига таъсир қилиши айтилади.

Тарихнинг турли даврларида мунажжимлар «сайёралар паради» ҳар хил муаммолардан дарак беришига ишонган. Мисол учун, 1962 йилги парадни улар дунёни ядро уруши ёқасига олиб келган воқеалар — Куба ракета инқирози билан боғлаган. 1989 йилги парад эса гўёки Совет Иттифоқи парчаланишини бошлаб берган.

Аммо танқидчилар бундай тахминларни асоссиз деб ҳисоблайди.

Кейинги сайёралар паради қачон бўлади?

2024 йилги сайёраларнинг навбатдаги паради 28 август куни юз бериши кутилмоқда. Меркурий, Марс, Юпитер, Уран, Нептун, Сатурн Қуёшнинг ёнида бир чизиқда саф тортади. Космик ҳодисани кўриш учун вақтни тўғри танлаш зарур: ҳодиса ишқибозлари ўз яшаш жойида тонг отиш вақтини аниқлаши ва ундан камида бир соат олдин осмонни кузата бошлаши керак бўлади. Ҳудудларда сайёралар паради қандай ва қайси вақтда кўринишини текшириш учун Starwalk Space Sky Tonight иловасини юклаб олиш тавсия этилмоқда.

“Очиқ ҳавода Нептун ва Урандан ташқари барча олтита сайёрани оддий кўз билан кузатиш мумкин. Аммо Меркурийни топиш анчагина қийин — у бир соатдан камроқ вақт оралиғида ўзини кўрсатади. Бу сайёра уфқда жуда пастда жойлашган ва қуёшнинг ёрқин нурлари ортида”, — дейилади Москва Планетарийси хабарида.

Сайёраларнинг аввалги паради 3 июн куни бўлиб ўтганди. Унда Меркурий, Юпитер, Уран, Марс, Нептун ва Сатурн бир чизиқда саф тортди. Дунёнинг турли бурчакларида аҳоли ушбу ҳодисани кузатди.

Оддий кўз билан Юпитер, Меркурий, Марс ва Сатурнни кўришга муваффақ бўлинди. Яхши дурбин ёки телескоп эгалари Меркурий ёнида жойлашган Уранни, шунингдек, Сатурн билан бирга жойлашган Нептунни ҳам кўра олган.

2024 йилда сайёралар паради яна қачон бўлади?

Уч ёки тўртта сайёрадан иборат кичик парадлар тез-тез содир бўлади. Беш ёки ундан ортиқ сайёралар иштирокидаги ҳодиса эса камдан-кам учрайди.

Келажакда сайёралар паради кутилаётган саналар:

  • 2024 йил 28 август;
  • 2025 йил 18 январь;
  • 2025 йил 28 февраль;
  • 2025 йил 29 август.

Ушбу прогнозда 2025 йил 28 феврал ҳодисаси айниқса ажралиб туради. Шу куни Қуёш тизимидаги барча етти сайёра бир вақтнинг ўзида кўринади, аммо бу ҳодисани тўлиқ кузатиш учун телескоп керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: