17:58 | 27.08.23
Bugun.uz «Путиннинг ошпази» ва унинг бошқарувида бўлган «Вагнер» ҳарбий компанияси ҳақида ҳикоя қилади.
Бундан икки ой аввал, 2023 йилнинг 24 июнь куни Россия Мудофаа вазирлигидан норози бўлиб, Москва томон «адолат марши»га чиққан ва бу орқали президент Путинга қарши бош кўтарган Евгений Пригожин 23 август куни самолёт ҳалокатида қурбон бўлди. Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилаётган хабарларда ҳалокатга учраган самолёт Россия ҳарбийлари томонидан уриб туширилгани айтилмоқда. Пригожиннинг ўлими бир нечта саволларни юзага чиқарди. Боиси, шу кунгача Путинга мухолиф бўлганларнинг тақдири қандай якун топганига Борис Немцов, Михаил Лесин, Ден Рапопорт, Равил Маганов, Павел Антов, Алексей Навалнийлар мисолида кўп бор гувоҳ бўлдик. Уларнинг баъзилари меҳмонхона деразасидан сирли равишда қулаб, ҳалок бўлган бўлса, қолганлари уйидан ўлик ҳолда топилган. Хўш, бир неча ой аввал Путиннинг ишонган одами сифатида кўрилган, «саҳна ортидан» туриб, унинг сирли топшириқларини бажарган Пригожиннинг ҳалокати ҳам Россия президентининг буйруғи билан амалга оширилдими? Қуйида шу ва бошқа саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Путинга қарши бош кўтарган Евгений Пригожин ўзи ким?
Евгений Викторович Пригожин 1961 йил Совет Иттифоқининг Ленинград шаҳрида туғилган. Отаси эрта вафот этгани учун уни онаси ва бувиси тарбия қилган. Пригожин болалигидан чанғи учишга қизиқар, ўгай отаси Самуел Жаркойдан ушбу спорт тури бўйича илк сабоқларни ҳам олган эди. Профессионал спортчи бўлишни мақсад қилган болакай нуфузли атлетика мактаб-интернатида ўқиб, уни 1977 йилда тамомлаган. Бироқ унинг тақдирида спортда муваффақиятли карьера қилиш ёзилмаганди. Аксинча, айни шу йиллар Пригожин биографиясининг қора доғлари бўлиб қолди.
1979 йилда у ўғрилик билан қўлга олиниб, шартли қамоққа ҳукм қилинади. Икки йил ўтиб, у яна ўғрилик содир этгани учун қамалади. Бу сафар у шериклари билан бир нечта квартирани тунагани учун талончилик, фирибгарлик ва ўсмирларни жиноятга жалб қилиш айблари билан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади. 1988 йилда афв этилиб, 1990 йилда озод қилинган Пригожин ҳаммаси бўлиб 9 йилни қамоқда ўтказади.
Қамоқдан чиққанидан сўнг Ленинграддаги бозорлардан бирида онаси ва ўгай отаси билан бирга «ҳот-дог» сота бошлайди. Ўша йиллардан Пригожин тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяди. 1991 йилдан 1997 йилга қадар озиқ-овқат дўкони бизнесида фаолият юритади. Шу вақтда синфдоши Борис Спектор асос солган Санкт-Петербургдаги биринчи озиқ-овқат дўконлари тармоғи «Контраст»нинг 15 фоиз улушини сотиб олади ва компания менежерига айланади. Бир вақтнинг ўзида у қиморхона бизнесига ҳам кириб келади. Спектр ва Игор Горбенко Пригожинни «Спектр» компаниясининг менежери қилиб тайинлайди.
«Putinism.com» сайти муҳаррири Артём Кругловнинг айтишича, Борис Спектор ўша пайтларда Санкт-Петербургнинг энг бой одамларидан бири бўлган «Миша Кутаисский» лақабли Михаил Мирашвили томонидан бошқарилувчи «Кутаисские» (Грузиянинг шу номдаги шаҳридан) уюшган жиноий гуруҳи аъзоси бўлган. Бу жиноий гуруҳ ўз вақтида Тамбов-Малишев тўдасидан кейинги энг қудратлиси эди. Бундан келиб чиқадики, Евгений Пригожин ҳам мафия оламига бегона эмас ва, ҳатто, бу унинг фаолияти асосини ҳам ташкил қилган.
Супермаркетдан оладиган даромади рақобатнинг кучайиши туфайли камая бошлаганда, Пригожин 1995 йилдан ресторан бизнесини бошлайди. 1996 йилга келиб Кирилл Зиминов билан ҳамкорликда «Старая таможня» («Эски божхона») ресторанини очади. Бу жой тез орада бутун шаҳарда таниқли масканлардан бирига айланади. Шу ерда бир муддат гардеробчи бўлиб ишлаган кишининг сўзларига кўра, бир гал ресторанга ҳатто ўша пайтларда Санкт-Петербург мэри бўлган Анатолий Собчак ҳам келган. Унинг ўрнига шаҳар ҳокими бўлган Владимир Яковлев эса бу ерда иш учрашувларини ўтказишни хуш кўрган.
Пригожин Питерда яна учта ресторан очади. Бироқ у учун чинакам шуҳратни 1997 йилда Парижга борганида француз ресторанларидан илҳомланиб, қурган «NewIsland» («Янги орол») ресторани келтиради. Шу йили эски кемани 50 минг долларга сотиб олиб, уни таъмирлатиш учун 400 минг доллар сармоя киритади. 1998 йил ўша кемада очилган ресторанда кейинчалик, ҳатто, ҳукумат даражасидаги учрашувлар ҳам ўтказилади.
Пригожин 2001 йилда Путин ва Франциянинг ўша вақтдаги президенти Жак Ширакнинг ушбу шоҳона ресторандаги кечки овқатида шахсан хизмат қилади. 2002 йилда бу ерга яна бир мартабали меҳмон – АҚШ президенти Жорж Буш ҳам ташриф буюради. 2003 йилда эса Путин ўз туғилган кунини «NewIsland»да нишонлайди. Пригожиннинг танишларидан бири унинг Путинга яқинлашиши ҳақида эслаб:
«Пригожин аста-секин Путиннинг ишончига кирди, аввал унинг шахсий ҳайдовчиси, кейин Путиннинг хавфсизлик хизмати бошлиғи бўлган Виктор Злотов билан муносабатларни ўрнатди», дея таъкидлайди.
Евгений Пригожин 2003 йилдан бошлаб ўзининг барча шерикларини тарк этиб, мустақил бизнес қилишни бошлайди. Дастлаб Зиминов билан бирга Борис Спекторнинг бизнесини бошқарган Михаил Мирашвили билан алоқаларни узади. Пригожин бир гал ўзи берган интервюда Михаил Мирашвили унга қўлидан келганча ёмонлик қилганини ва қамалишидан бироз аввал Пригожиндан «Старая таможня» ресторанини беришни талаб қилганини эслайди. Охир-оқибат Пригожин ўзининг «Сем сорок» ресторанини Мирашвилининг тузилмаларига ўтказишга мажбур бўлади. 2001 йилда одам ўғирлашда айбланган грузин тадбиркори қамоққа олинади.
Пригожин яна бир шериги Зиминовнинг бизнесдаги ҳиссаларини олиши ҳам шубҳали тарзда амалга ошади. Зиминов ўз улушини миллион долларга сотишга рози бўлади. Пригожин бу сумманинг 600 минг долларини тўлаб, қолган қисмини ўрта муддатда беришга ваъда беради. Бироқ бир йил ичида ҳиссалари Зиминовда қолган иккита компания тугатилади ва компанияларнинг йўқлиги учун унинг акциялари ҳам бекор қилинади. Зиминов ўшанда фирибгарлик даъвоси билан прокуратурага мурожаат қилган. Аммо 2004 йил 3 сентябрда очилган иш беш кундан сўнг «жиноят таркибининг йўқлиги» сабабли бекор қилинган. «NewIsland» ресторани эса гўёки қарзлар эвазига 280 минг рубл баланс қийматида бошқа компанияга ўтказилади. Зиминов ҳеч вақосиз қолган бир пайтда Пригожиннинг омад юлдузи кўтарилиб борарди.
Пригожин 2010 йилда озиқ-овқат соҳасида яна бир компанияга – «Конкорд» биринчи корпоратив овқатланиш заводига асос солади. Унга 53 миллион доллар сармоя киритилган бўлиб, бунинг 43 миллиони давлатга қарашли Внешэкономбанк томонидан қопланган. Унинг компанияси 2012 йилда Россия ҳарбийларига бир йил давомида 1,2 миллиард долларлик озиқ-овқат етказиб бериш бўйича улкан лойиҳани қўлга киритади. Бу пайтда бутун мамлакат бўйлаб энг муҳим мегалойиҳалар Пригожиннинг компаниясига берила бошлади.
2019 йилда Алексей Навалний жамоаси Москва мактабларида дизентерия авж олишига сабаб бўлган сифатсиз овқатларни етказиб беришда айбдор деб топилган ширкатнинг ҳам Пригожинга алоқаси борлигини даъво қилган. Шундай қилиб, Санкт-Петербург бозорларида ҳот-дог сотиш учун маҳаллий тўдаларга юз доллардан «чўтал» тўлаб юрган Пригожин Россиянинг энг сирли бойларидан бирига, Путиннинг эса ишончли одамига айланганди.
«Ошпаз» «қирол»нинг жаҳлини чиқарди
Пригожиннинг «Вагнер» гуруҳи асосчиси экани маълум бўлганига кўп бўлмади. У 2022 йилнинг 26 сентябридагина 2014 йилда Донбассдаги рус қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун мазкур ҳарбий компанияга асос солганини тан олган. Таҳлилчилар томонидан Пригожин доим Путиннинг «саҳна ортидаги» вазифаларини бажарувчи шахс сифатида кўрилган. Путин уни ҳеч бир давлат даражасидаги масъул лавозимга қўймаслиги, Пригожин давлат учун эмас, алоҳида шахс сифатида ҳаракат қилгани айтилади. Шу билан бир пайтда унинг Путин билан ҳеч қандай расмий алоқалари мавжуд бўлмаган. У шу пайтгача Путин билан тўғридан-тўғри алоқага киришмаган. Аксинча, Президентнинг атрофидаги юқори амалдорлар орқали унга ўз таклифларини юборган. Узоқ вақт давомида нуфузли ака-ука Юрий ва Михаил Ковалчуклар Пригожиннинг норасмий бошқарувчилари бўлиб, бизнесменга Президент маъмурияти билан алоқаларни ўрнатишга ёрдам берган деб ишонилган.
Украинада «денацификация» ўтказиш ва Киевни уч кун ичида эгаллаб олишни мақсад қилган Путин режалари амалга ошмай бошлаганини пайқагач, 2022 йилнинг апрел ойига келиб «махсус ҳарбий операция»га «Вагнер»ни жалб қилишга мажбур бўлди. Мазкур гуруҳ май-июн ойларида том маънода ҳужум ҳаракатининг «двигател»ига айланди.
Попаснанинг эгалланиши ва Бахмут остоналаридаги муваффақиятлар унинг урушга қўшилганидан сўнг қўлга киритилди. Бундан руҳланган Путин «Вагнер»га Украина урушида алоҳида эркинлик беришга қарор қилди. Шунингдек, унга Россия турмаларида сақланаётган жиноятчиларни ва қандайдир айблар билан қамалган шахсларни ёллаш ҳуқуқини берди. Лекин Бахмутда ғалабага эришиш жуда қийин кечди. «Гўшт майдалагич»га айнан «Вагнер»нинг ташланишини Путиннинг энди Пригожиндан хавфсирай бошлагани ва ўзи яратган, жиноятчилар билан тўлиб-тошган хусусий армияни ҳокимияти учун муаммо деб ҳисоблаётгани билан изоҳлашди.
«Вагнер» раҳбари узоқ вақтдан бери Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни лаёқатсизлик ва армиядаги коррупцион схемаларда айблаб келгани сир эмас. Лекин Бахмутдаги йўқотишлар уни қуюшқондан чиқишга мажбур қилди.
Бир неча ой олдин унинг ўзи эълон қилганидек, шаҳардаги ҳарбий ҳаракатларга «Вагнер»нинг 50 минг аскари жалб қилинган ва уларнинг қарийб бешдан бир қисми фронтда ҳалок бўлган. Пригожин йўқотишларнинг сабаби сифатида Шойгу ва Герасимовни айблаб, улар омборларда сақланаётган снаряд ва қурол-яроғларни «Вагнер»га атайин етказиб бермаётганини даъво қилди. Ўзи қилган видеомурожаатда Мудофаа вазирини «таржима қилиб бўлмайдиган» сўзлар билан ҳақоратлаб, унга таҳдид қилди. Ҳатто, Путинга ҳам ултиматум қўйиб, агар талаб қилинган ўқ-дори ва қуроллар етказиб берилмаса, «Вагнер» 10 май куни Бахмутни тарк этиб, назорат остидаги позицияларни Россия мунтазам армиясига топширишини айтганди.
9 май куни берилган баёнотда эса «Путиннинг ошпази» Украина ҳарбийлари Бахмут йўналишида қанотларни ёриб ўтаётгани ва улар яқин орада қарши ҳужумга ўтиб кетиши мумкинлигини маълум қилганди. У ўшанда «Бизнинг душманимиз Украина қуролли кучлари эмас, рус бюрократидир», дея қатъий таъкидлади. Бу гап яна Шойгу ва Герасимовга ва ҳатто Путинга қаратилган бўлиши ҳам эҳтимол. Шойгу ва Герасимов «инжиқлик»лари ортиб бораётган Пригожин ва унинг армиясининг мустақиллиги мамлакат учун таҳдид эканига ишонтирган чоғи, Путин дарҳол Украинадаги бутун «махсус операция» учун Герасимовни масъул қилиб қўйди ва бу билан ўз «ошпази»га вазиятни қанчалик тез қўлга олишга қодир эканини кўрсатиб қўйди, гўё.
Кейинчалик Пригожин Бахмутни тарк этиш ҳақидаги фикридан қайтган бўлса-да, унинг Россия юқори доиралари билан зиддиятлари йўқолмади. Бу орада унинг Бахмут масаласида Украина разведкаси билан махфий тарзда келишмоқчи бўлгани, шаҳардан Украина қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши эвазига Россия ҳарбийларининг жойлашган нуқталари ҳақидаги муҳим маълумотларни ошкор этишни таклиф қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Унинг ўзи ҳам Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов билан алоқалари борлигини яширмади. Лекин Пригожиннинг Россияга хиёнат қилгани ҳақидаги даъволар рад этилди.
20 май куни кутилмаганда Бахмут «Вагнер» томонидан эгаллангани ва у ерда Украина армиясига тегишли бўлинмалар қолмагани маълум қилинди. Украина томони буни рад этган бўлса ҳам, мазкур баёнот ёлғонлиги тасдиқланмади. Шундай қилиб, 224 кунга чўзилган миссия якунлангани эълон қилинди ва «Вагнер» аскарлари ҳудуддан олиб чиқила бошланди. Шунга қарамай, Пригожиннинг «аччиқ» баёнотлари тингани йўқ. У гоҳ чеченларнинг «Ахмат» бўлинмаси фронтда нима иш билан шуғулланаётганини тушунмаслигини айтиб, Рамзан Қодировнинг боғига тош отса, гоҳ «Вагнер» аскарларининг Бахмутдан чиқиш йўллари Россия армияси томонидан миналаб ташланганини иддао қилди.
Унинг бу «одобсизликлари» Украина уруши Путиннинг 23 йиллик фаолиятига салбий тасъир қилганини кўрсатиб, Пригожиннинг келажагини ҳам сўроқ остига қўйди. Пригожин Бахмутни эгаллаганини эълон қилганида бутун рус телевидениеси 20 соат давомида бунга эътибор бермади. Бунинг ўрнига эфир Мудофаа вазирлигининг Украинадаги Россия зарбалари ҳақида брифинг билан олиб борилди ва Москвадаги танго фестивали ҳақида узун репортаж намойиш қилинди. Бахмутнинг «Вагнер» томонидан «озод қилингани» ҳақидаги 36 сўзли табрик баёнотини эълон қилиш учун эса Кремлга 10 соат вақт керак бўлди. Бу Путиннинг Пригожиндан норози экани белгиси сифатида талқин қилинди.
Украинанинг қарши ҳужуми бошланган, фронтда жанглар давом этаётган бир пайтда, 23 июнь куни Евгений Пригожин яна катта саҳнага чиқди. У шу куни янги баёнотини эълон қилиб, унда доимгидек Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни танқид қилди. Бироқ бу баёнот асло олдингиларидек эмасди. Бу сафар «Вагнер» раҳбари анчайин дадил ва жиддий айбловларни ўртага ташлади.
У Мудофаа вазирлиги Путинни ва бутун Россия жамоатчилигини фронтдаги ғалабалар, ҳар куни йўқ қилинаётган Леопард танклари, минглаб украиналик аскарлар ҳақидаги ҳисоботлар билан алдаётганини айтди. У шунингдек, Украина ва НАТО бот-бот таъкидланганидек Россияга ҳужум қилмоқчи бўлмаганини, мазкур уруш фақат Шойгунинг маршал унвонини олиши учун кераклигини қўшимча қилди. Пригожин Шойгу ва Герасимов ўн минглаб рус йигитларининг фронтда жон беришига сабаб бўлганини таъкидлаб, Тергов қўмитасига уларни ҳибсга олишни сўраб, ариза берди.
Кейинроқ у Мудофаа вазирлиги «Вагнер» ҳарбийларининг орқа лагерларига ракета ҳужуми уюштирганини ҳам даъво қилди ва бу «ваҳшийликка жавоб қайтаришга» армия ва бутун Россияда «адолатни тиклашга» ваъда берди. Бошқа манбалар берган маълумотда эса у айтган ҳужум аслида унинг ўзига нисбатан қилинган суиқасд бўлиб, «Вагнер» лагерларига зарба берилмагани келтирилади. Пригожиннинг Ростовдаги Жанубий ҳарбий округдан олинган видеоларида ҳам унинг юзида жароҳат излари борлигини кўриш мумкин. Пригожин бу «ҳужум»ни шахсан Шойгунинг ўзи Ростовдан туриб назорат қилгани ва кейинроқ у ердан қочиб кетганини таъкидлади.
«Вагнер» раҳбари Москвага боражагини ва «адолат марши» бошланганини эълон қилди. У ўзининг бу ҳаракатини ҳарбий тўнтариш эмас «адолат юриши», деб атади.
“Биз 25 минг кишимиз ва мамлакатда нима учун тартибсизликлар юз бераётганини аниқлаймиз. Тактик захира сифатида 25 минг киши кутмоқда, стратегик захира эса бутун армия ва мамлакатдир. Ким хоҳласа, қўшилсин. Биз бу шармандаликни тугатишимиз керак”, деган эди у.
24 июн тонги Москвада нотинч бошланди. Пригожин Ростов-Донда Жанубий ҳарбий округнинг штаб-квартирасини қийинчиликсиз эгаллаб олди ва Москва томон юришини давом эттирди. Йўлда унга деярли қаршилик кўрсатилмади. Аксинча, Мудофаа вазирлигининг кўплаб аскарлари кўнгилли равишда «Вагнер» сафини тўлдира бошлади. Бу вақтда эса Москвада унинг «ташрифи»га тайёргарлик давом этар, йўллар беркитилиб, «антитеррор чоралар» кўрила бошланди. Бир неча вилоятларда барча оммавий тадбирлар бекор қилинди, жамоат транспорти ҳаракат схемасига ўзгартириш киритилди, аҳолидан эса Жанубий ҳудудларга бормай туриш сўралди.
Вазият шу даражага бориб етдики, оммавий ахборот воситаларида Дмитрий Медведев оиласи билан Москвадан эвакуация қилингани, Путин ҳам вертолётда Новгороднинг Валдай шаҳрига учгани ҳақида хабарлар тарқалди. Юқори мартабали йўловчилар ўтиргани тахмин қилинган самолётлар пойтахтдан бирин-кетин учиб кета бошлади. Кейинроқ Путин ва Медведевнинг «қочиб қолгани» ҳақидаги хабарларга раддия берилди.
Кун охирлаб қолган бир пайтда пойтахтга бир неча соатда етиб келиши кутилаётган «Вагнер» колоннаси кутилмаганда ортга қайтишини эълон қилди. Беларус раҳбари Александр Лукашенко Пригожин билан музокарага киришган ва якунда уни тўхташга кўндирганди. Икки томоннинг келишувига кўра, «Вагнер» ортига қайтади ва олдинги позицияларини эгаллайди, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов эса истеъфога чиқадиган бўлди. Қолаверса, «Вагнер» аскарларининг хавфсизлиги кафолатланди, Пригожинга нисбатан қўйилган айблов олиб ташланди. «Вагнер»нинг юриши пайтида йўқ қилинган Мудофаа вазирлигига тегишли 1 та ҳарбий самолёт, 3 та вертолёт, иккита ҳарбий техника ҳамда ҳалок бўлган 15 нафар ҳарбий ҳақида эса шунчаки унутилди.
Пригожиннинг фожиали ўлими
Исёндан сўнг Евгений Пригожин узоқ вақт омма олдида кўриниш бермади. Кўплар унинг ўлдирилгани ёки Россиянинг қайсидир қисмидаги қамоқда сақланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ҳатто бир гал АҚШ президенти Жо Байден ҳам ҳазил тариқасида Пригожинга еяётган таомига эътиборли бўлишини маслаҳат бериб, уни заҳарланишдан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Бу пайтга келиб «Вагнер» бўлинмаларини Беларусга кўчириш ишлари бошланди. Россияда эса ушбу ҳарбий компания учун янги кўнгиллиларни жалб қилиш тўхтатилди. Шу билан бирга «Вагнер» Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, бошқа хусусий армиялар каби унинг таркибига ўтмагани учун вазирлик томонидан унга тақдим этилган қурол-яроғлар қайтариб олинди. Россия оммавий ахборот воситаларида «Вагнер»дан қайтариб олинган қуроллар ва умуман ишлатилмаган снарядлар ҳақида кинояли хабарлар чиқа бошлади. Президент Путин исёндан кейин ОАВга берган интервюсида «Вагнер» юридик жиҳатдан мавжуд эмаслигини айтди.
Бу ва бошқа ҳолатлар энди «Вагнер» Россиянинг амалдаги ҳукумати учун хавф сифатида қарала бошланганининг белгиси эди. Россия Президенти ўзи яратган «мутант» охир-оқибат унинг ўзини йўқ қилишидан хавфсирай бошлади. Мафия оламидан чиққан Пригожин курашнинг ҳар қандай усулидан фойдаланишда иккиланиб ўтирмаслигини кўрсатиб қўйди. Энг муҳими у Путиннинг обрўсига қақшатқич зарба берди.
Россия Президенти учун унга қарши исён кўтариб, Москвага қўшин тортиб келмоқчи бўлган, энг ёмони унинг обрўсини бутун дунё олдида бир пул қилган одам қўйган шартларга рози бўлиб, у билан келишиш катта шармандалик бўлди. Бошқа томондан Пригожин воқеаси Украинага Россия билан урушда ёрдам бераётган бутун коллектив Ғарбга Кремлнинг ички сиёсий барқарорлиги «чириганини», унинг нозик томонлари қаерда эканини яққол кўрсатиб қўйди.
Исёндан роппа-роса икки ой ўтиб, 23 август куни Евгений Пригожин ўтирган самолёт ҳалокатга учрагани, унинг бортида бўлган жами 10 киши – 7 нафар йўловчи ва уч экипаж аъзосининг барчаси нобуд бўлгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Баъзи манбалар Пригожин ва унинг «ўнг қўли» Дмитрий Уткин бошқа бир самолётда Москванинг «Остафево» аэропортига қўнганини хабар қилди. Бироқ кейинроқ Al-Jazeera телеканали жасадлардан бирининг ёнидан Пригожинга тегишли телефон топилганини маълум қилди. Кеча, 24 август куни эса Твер вилоятидаги ўликхоналардан бирида сақланаётган жасадларнинг шахсини аниқлаш учун борган «Вагнер» командирларидан бири Пригожин ва Уткин ҳам ўлганлар орасида борлигини тасдиқлади. Россия давлат телеканалларида самолёт ҳалокати ҳақидаги хабарни эфирга узатиш учун бор-йўғи 30 сониядан вақт ажратилди.
Ҳозирда бизнес-жет ҳалокатининг бир нечта версиялари кўриб чиқилмоқда. Улардан бирига кўра, самолёт бортида бомба портлаган бўлиши мумкинлиги айтилса, бошқасида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими самолётни уриб туширгани тахмин қилинмоқда. Flightradar24 маълумотларига кўра, Пригожиннинг самолёти маҳаллий вақт билан соат 17:46 да ҳавога кўтарилиб, 18:11 да 8,5 километр баландликка етган. Самолёт 18:20 га қадар навигация хизматларига маълумотларни юбориб турган. Парвознинг сўнгги дақиқаларига келиб унинг вертикал тезлиги кескин ўзгарган ва сўнгги бор 6 километр баландликда алоқа узилиб қолган. Ҳалокат тасвирланган видеолардан кўриш мумкинки, бизнес-жет дастлаб ҳавода портлаб, кейин ерга қулаган. Буни ҳалокат жойидан 3,5 километр узоқликдан самолёт парчасининг топилгани ҳам тасдиқлайди.
Россия расмий оммавий ахборот воситалари аллақачон Евгений Пригожиннинг ҳалок бўлганини эълон қилди. Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарлардаги «Вагнер» қароргоҳларига эса одамлар гул ва шамлар билан келиб Пригожинни хотирламоқда.
https://youtu.be/EKlxFO4vbDs?si=Kh4krnenmuvG3jfV
Ушбу воқеа муваффақиятсиз исёндан кўп ўтмай содир бўлгани шубҳаларни уйғотгани рост. Ғарбда ва умуман Россиянинг ўзида ҳам жамоатчилик томонидан «Пригожин хиёнати учун жазоланди» деб ҳисобланмоқда. Шундай қилиб, июн ойида Кремл сари юриш қилиб, «адолат»ни тикламоқчи бўлган «ошпаз» ёз якунланмасидан аввал «бахтсиз ҳодиса» қурбонига айланди. Унинг ўлимидан кейин «Вагнер»нинг тақдири нима кечиши эса ҳозирча номаълум.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: