18:13 | 26.06.24
Болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши ортидан ота-она ҳам фарзандига таълим бера олмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мутахассис ушбу фикрни изоҳлаб берди.
Болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бунинг ортидан жамоатчиликда ота-она ҳам фарзандига таълим бера олмаслиги ҳақида нотўғри тушунчалар пайдо бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ҳолатга ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Шундан сўнг жамоатчиликда ота-она ҳам фарзандига диний таълим бера олмаслиги ҳақида нотўғри тушунчалар юзага келган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ўзининг Тelegram каналида бу ҳолатга ойдинлик киритди.
«’Таълим тўғрисида’ги Қонунга кўра, боланинг умумий ўрта, ўрта махсус таълим олишини таъминлаш, унинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланишига шароит яратиш ота-оналар мажбурияти ҳисобланади», — деди Одилжон Тожиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда болаларнинг ноқонуний диний сабоқ олишига, давлатнинг мажбурий таълим тизими таъсиридан четда қолишига ҳамда уларда бирёқлама дунё қараш ва мутаассиблик кайфияти шаклланишига афсуски ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлиб қолмоқда. Хусусан, ноқонуний диний таълим бериш асосан ота-оналар ташаббуси билан “ҳужра” шароитида ташкил этилмоқда.
«Аксарият ҳолларда ота-оналар ўз болаларини диний таълим бериш ҳуқуқи бўлмаган ташкилот ёки шахс ихтиёрига бир неча ойга қаровсиз ташлаб кетиши кузатилмоқда. Бу орада бола тўлақонли шахс сифатида ривожланиши учун зарур бўлган мухитдан узилиб қолмоқда. Айрим ҳолларда эса, бола тўғридан тўғри жисмоний, жинсий психологик тажовузга учраётганлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди», — деб ёзди мутахассис.
Маълумотларга кўра, охирги 5 йилда «ҳужра»да диний таълим олган 9 705 нафар бола аниқланган.
«Шу муносабат билан болани бундай хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ота-оналар томонидан болани диний таълим бериш ҳуқуқи бўлмаган ташкилот ёки шахс ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги киритилмоқда», — деб ёзди Одилжон Тожиев.
Шунингдек, мутахассис жамоатчиликда қонун лойиҳасидаги умуман нотўғри талқин қилинаётган жумлалар ҳақида сўз юритди.
«Юқоридаги хатти-ҳаракат юридик тилда «болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилиш» деб баён қилинган. Қисқа қилиб айтганда ота-она боласини «хужрага» топширса жавобгар бўлади. Ҳужралар фаолияти эса кўп йиллардан бери қонун билан қатъий таъқиқланган. Юқоридаги кафолатни бузганлик учун эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилганлик учун ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга жавобгарлик белгиланмоқда. Лекин бу нарса ота-онанинг ўз фарзандига диний сабоқ, таълим тарбия беришига умуман алоқаси йўқ. Чунки бу ҳар қандай ота-онанинг ўз фарзандини шахсан ўзи тарбия қилиш бўйича дахлсиз ҳуқуқи ҳисобланади», — деди у.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: