10:24 | 07.03.23

                       

Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 8 поғона юқорилади

Ўзбекистон 12 та индикаторнинг 7 тасида ижобий ва 5 тасида салбий ўзгаришларни қайд этган

Heritage фонди ва The Wall Street журнали томонидан Иқтисодий эркинлик индексининг 2023 йил учун ҳисоботи эълон қилинди.

Мазкур индексда Ўзбекистон 56,5 балл билан (2022 йилга нисбатан +0,8 балл) дунё бўйича 176 мамлакат орасида 109-ўринни эгаллаган ва 2022 йилга нисбатан 8 поғона юқорилаган.

Ўзбекистон 12 та индикаторнинг 7 тасида ижобий ва 5 тасида салбий ўзгаришларни қайд этди.

Хусусан, ижобий ўзгаришлар қуйидаги индикаторларда:

давлат яхлитлиги (+1,1 балл), солиқ юки (+2 балл), меҳнат бозори эркинлиги (+0,1 балл), монетар эркинлик (+2,3 балл), савдо эркинлиги (+0,4), инвестициялар эркинлиги (+10 балл) ва молиявий эркинлик (+10 балл).

Шунингдек, кўп йиллик иқтисодий турғунликдан сўнг, Ўзбекистон 2017 йилдан буён иқтисодий эркинликни таъминлашга қаратилган очиқлик ва модернизацияга ўтишни рағбатлантирадиган сиёсатни олиб бораётгани таъкидланган.

Шунинг билан бирга, Ўзбекистон индексдаги мулкчилик ҳуқуқи (-0,7 балл), суд фаолияти самарадорлиги (-0,1 балл) давлат харажатлари (-3,2 балл), фискал саломатлик (-11,3 балл) ва бизнес эркинлиги (-0,2 балл) индикаторларида пастлаган.

Ўзбекистонда асосий иқтисодий эркинликни чеклайдиган тўсиқлар сифатида ҳуқуқ устуворлиги индикаторлари (мулкчилик ҳуқуқи, суд фаолияти самарадорлиги ва давлат яхлитлиги) жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичидан пастлиги ва бу борада муҳим ислоҳотлар ўтказилиши лозимлиги кўрсатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: