«Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари борасида жиддийроқ қадамлар ташламас экан, орзулар қоғозда қолаверади, режалар ва йўл хариталари сафсата» — Cotton Campaign
Cotton Campaign асосчиларидан бири Беннетт Фриман Ўзбекистонда ислоҳотлар самара беришига ишонади, чунки бунга гувоҳ бўлган
АҚШ Миллий демократия фонди қошида ўтган маслаҳатлашувда Cotton Campaign халқаро коалицияси аъзолари, мутахассислар, расмийлар ва дипломатлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш, ўзбек пахтасига нисбатан тўхтатилган глобал бойкот борасидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда «Америка овози» хабар берди.
Учрашувда «15 йиллик курашдаги ютуқлар, хусусан, ҳукумат одамларни зўрлаб пахтага олиб чиқмаётгани, қишлоқ хўжалигидаги ишлар, меҳнат шароитини яхшилаш йўлида қабул қилинган қарорлар ва қонунлар, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик кенгайгани ва бошқалар салмоқли прогресс дея баҳолангани» маълум қилинди.
Cotton Campaign халқаро коалицияси асосчиларидан бири Беннетт Фриманга кўра, Шавкат Мирзиёев маъмуриятида мамлакат учун қандай ўзгаришлар ва ислоҳотлар зарурлигини биладиган мутахассислар анчагина, жумладан, вазирлар ва уларнинг муовинлари. Бироқ, унинг таҳлилича, охирги бир йилда, бойкот бекор қилинганидан буён, ҳукумат кутилганидек ҳаракат қилмаяпти.
«Биламизки, Ўзбекистонни бошқараётган одамлар давлат глобал иқтисодиёт билан уйғунлашишини, унинг муҳим қисмига айланишини истайди. Халқаро меҳнат меъёрларини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш — бирламчи вазифалар. Уларни эъзозлаймиз, деб сўздагина қутулиб кета олмайсиз. Хориждан бизнеслар сизга сармоя қилиши, сизга ишониши учун ҳали кўп ишлашингиз керак», — дейди у Ўзбекистон ҳукуматига қарата.
Фриманнинг ўзи бир пайтлар АҚШ Давлат департаментида хизмат қилган, давлат котиби муовини бўлган ва айнан инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланган. Белгилаган сиёсатни ижро этиш осон эмаслигини тушунади ва шу билан бирга, ҳар қандай прогресс ортида кучли ирода ва иштиёқ туришини ҳам билади.
Фриманнинг айтишича, Cotton Campaign Ўзбекистонда ислоҳотлар самара беришига ишонади, чунки бунга гувоҳ бўлган. Аммо, бу тинимсиз меҳнат ва кучли сиёсий ирода талаб қиладиган жараён, дея эслатади у.
«Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқлари борасида жиддийроқ қадамлар ташлаб, реал аҳволни яхшиламас экан, орзулар қоғозда қолаверади, режалар ва йўл хариталари сафсата», — дейди Фриман.
Унинг фикрича, халқаро меҳнат ташкилоти меъёрлари бўйича ҳаракат қилиш керак, бу борада ёрдамга тайёр томонлар, хусусан, ноҳукумат ташкилотлар ва фаоллар учун муҳитни осонлаштириш лозим.
«Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларга қайтиб, ўзи учун яратган тарихий имкониятни бой бермасин, деймиз. Мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатга қарши кураш тинмасин, муаммоларга эътибор берилсин», — дея ундайди Фриман.
Фриманга кўра, Ўзбекистон ҳукумати олдида икки йўл бор: бири — репрессив тузум бўлиш. Иккинчиси — очилавериш ва ёш мамлакатга фаровон юртга айланиш учун имкониятларни бериш».