18:03 | 28.02.23

                       

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси бир неча имом-хатибни ишдан олди

Шунингдек, айримларига ҳайфсан берилган

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида 28 февраль, сешанба куни республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Muslim.uz

Идора матбуот хизматининг хабар беришича, танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган.

Фото: Muslim.uz

Хусусан, меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Жумладан:

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом Фатуллаев, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва «Шоҳ Машраб» масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Ҳабибулла Аблоқулов ва Хоразм вилояти Шовот тумани «Хўроз Эшон бобо» масжиди имом-хатиби Давронбек Рўзметов эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди.

Фото: Muslim.uz

Шунингдек, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти «Раҳбар ота Акбар ўғли» масжиди имом-хатиби Муҳаммадий Раҳманов ва Фарғона вилояти Сўх тумани «Офтобрўй» масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри «ал-Ҳудайбия» масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилди.

Фото: Muslim.uz
Фото: Muslim.uz
Фото: Muslim.uz

Маълумот учун, иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли 2022 йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига ҳайфсан интизомий чораси берилгани маълум қилинди.

Фото: Muslim.uz

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 27 февралдаги 82 сонли қарори билан тизимдаги бир қатор ходимлар эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, инвестициялар, саноат ва савдо вазирига ўринбосарлар, турли ташкилотларга раҳбарлар тайинлангани ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирига ўринбосарлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: