14:29 | 04.07.24

                       

Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. Кучли сел оқибатида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.

Ўзбекистон селдан жабр кўрган Ўш вилоятига 3 июль куни инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда Қирғизистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қирғизистон ФВВ

Маълум қилинишича, 95 тонна юк ун, шакар, ўсимлик ёғи бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Фото: Қирғизистон ФВВ

Ушбу гуманитар ёрдам Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров бошчилигида олиб келинган бўлиб, уларни Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Акилбек Мазарипов ва Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Илёс Тошбоев қабул қилиб олди.

Фото: Қирғизистон ФВВ
Фото: Қирғизистон ФВВ

Эслатиб ўтамиз, Ўш вилояти Ноокат тумани Абшир Ота қишлоғига 28 июнь куни сел келди. Оқибатда 10 киши вафот этди.

Табиий офат қурбонларининг аксарияти 8 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар бўлиб, сел оқибатида икки нафар аёл ҳам вафот этган. Қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жами 53 нафар қутқарувчиси жалб қилинган.

Кўприклар ва йўлларнинг вайрон бўлишига, одамларнинг ўлимига сабаб бўлган сел оқибатида Ноокат туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Абшир Ота дам олиш масканида 1300 дан ортиқ одам қолиб кетган, уларнинг барчаси эвакуация қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: