15:14 | 01.03.23

                       

Ўзбекистон қонунчилигида 1 мартдан нималар ўзгаради?

Хусусан, солиқ тўловчилар сайёр солиқ текширувлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиши мумкин бўлади

Ўзбекистон миллий қонунчилигида 2023 йил 1 мартдан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.

Янги йўналишларда маҳаллий авиақатновлар йўлга қўйилади

Ҳудудларни бир-бири билан ўзаро боғлаш мақсадида қуйидаги янги йўналишларда мунтазам авиақатновлар бошланади:

  • Самарқанд—Нукус;
  • Самарқанд—Мўйноқ;
  • Самарқанд—Термиз;
  • Бухоро—Термиз;
  • Наманган—Термиз;
  • Наманган—Нукус.

Миллий спорт турлари бўйича умумреспублика спорт мусобақалари ўтказилади

Президентнинг «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади:

  • 1-босқичда — туман (шаҳар) мусобақалари;
  • 2-босқичда — вилоят мусобақалари;
  • 3-босқичда — республика (финал) мусобақалари.

Унитар корхона шаклида юридик шахс ташкил этиш тўхтатилади

Президентнинг «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Солиқ тўловчилар сайёр солиқ текширувлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиши мумкин бўлади

«Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан 2023 йил 1 мартдан

  • солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
  • вазирлик, идора, муассаса ва унинг таркибидаги ташкилот ўртасида қиймати БҲМнинг 3500 баравари ва ундан кўп товарларнинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

Юридик шахсларга my.gov.uz орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади

«Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.

Қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади

«Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарори билан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.

Айрим давлат харидлари бўйича буюртмаларнинг тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилиши тўхтатилади

«Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси БҲМнинг 3500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлар солиқ қарзини фоизларсиз бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин

«Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори тадбиркорларнинг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлар электрон расмийлаштирилади

«Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотлар мониторинг қилинади.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни E-ma’muriy ish тизимига киритиш тартиби жорий этилади.