16:14 | 13.11.24

                       

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон «яшил» энергия бўйича стратегик битим имзолади

Битим иқлим ўзгаришини юмшатиш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.

13 ноябрь куни COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, ушбу ҳамкорлик қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва узатишни мақсад қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шамол ва қуёш энергиясини ўз ичига олган битим иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу ҳамкорлик Париж битими ва Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида қўшма саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажак авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон ҳар йили 2 гигаваттга яқин қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширмоқда. 2024 йил охиригача қўшимча 2,6 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватлари ва 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари тармоққа уланади. Шунингдек, 2030 йилга келиб, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш ва 4,2 гигаваттлик энергия сақлаш тизимларини яратиш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш учун қўшма корхона ташкил этиш, техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишиш каби ишлар амалга оширилади.

Ушбу битим минтақада қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ва узатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, келажакдаги энергетик хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: