18:14 | 26.02.23

                       

Ўзбекистон тарвуз экспортини 152 баробарга оширгани маълум бўлди

Мамлакат экспортида асосий ҳамкорлар сифатида Россия ва Қозоғистон давлатлари катта улушга эга

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йиллар оралиғидаги Ўзбекистоннинг экспорт динамикасини таҳлил қилди.

Таҳлил натижалари 2017-2022 йилларда мева ва ёнғоқлар экспорти қиймати 1,5 баробарга ошганлигини кўрсатди. Яъни 2017 йилда экспорт ҳажми 417,2 миллион доллар бўлган бўлса, 2022 йилда эса 618,6 миллион долларини ташкил этган. Хусусан, тарвуз (152,2 баробарга), олча (58,3 баробарга), қулупнай (52,7 баробарга), анжир (41,4 баробарга) ва қуритилган олма (15,1 баробарга) экспорти жуда тез суръатлар билан ўсган.

Мева ва ёнғоқлар экспорти таркибида 2022 йилда сархил узум энг катта улуш (31,7 фоиз) га эга бўлган. Иккинчи ўринни майиз (13,6 фоиз), учинчи ўринни шафтоли (11 фоиз) эгаллаган. Ундан кейинг ўринларни мос равишда хурмо (8,4 фоиз), гилос (5,4 фоиз), олхўри (5 фоиз), қовун (3,1 фоиз), тарвуз (2,9 фоиз), ёнғоқ (1,8 фоиз) каби маҳсулотлар эгаллаган.

Статистикага кўра, 2017-2022 йилларда Ўзбекистоннинг мева ва ёнғоқлар экспорти географияси Бельгия, Жазоир, Мексика, Бразилия, Словакия каби яна 18 та мамлакатларга йўлга қўйилган. Мамлакат экспортида асосий ҳамкорлар сифатида Россия (361,3 миллион доллар), Қозоғистон (118,4 миллион доллар), Қирғизистон (26,4 миллион доллар), Хитой (19,2 миллион доллар) ва Туркия (13,6 миллион доллар) давлатлари жой олган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 2022 йилнинг мос давридаги мева ва сабзавотлар экспорти 2021 йилга нисбатан 192 минг тоннага ошгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: