11:03 | 06.08.24
Шавкат Мирзиёев 40 минг километрдан ортиқ ички йўллар таъмирлашга муҳтожлигини танқид қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ички йўлларни сақлаш ва таъмирлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 184 582 км автомобиль йўллари мавжуд. Улардан қарийб 142 минг километри хўжалик ичидаги йўллардир.
Аниқлик киритилишича, сўнгги тўрт йилда ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун 15 триллион сўм маблағ ажратилган.
Маҳалла ва чекка қишлоқлардаги кўчалар ҳам ободонлаштирилаётгани аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда. Бироқ, уларни сақлаш учун масъул бўлган тизим йўқ. Бу автомобиль йўллари қўмитасининг республика ва халқаро аҳамиятга молик йўллар ва кўприклар билан шуғулланиши билан боғлиқ. Ички йўллар ва кўприклар маҳаллий ҳокимликлар балансида. Айни пайтда 43 минг км ички йўл таъмирлашга муҳтож, 2354 та кўприкни сақлашга масъул тузилма аниқ белгиланмаган.
Шу муносабат билан туман миқёсида мазкур масалаларга масъул тизим яратиш кўзда тутилган. 208 туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларида ички йўлларни сақлаш хизматлари ташкил этилади. Улар тўрт турдаги энг зарур махсус жиҳозлар билан таъминланади. Бунинг учун буджетдан тегишли маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашни молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, мавжуд ички йўлларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: