21:57 | 05.07.24

                       

489 118 та абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган

Ўзбекистонда 489 118 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган. Билимни баҳолаш агентлиги тест синовлари жараёни юзасидан маълумот берди.

Билимни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати 2024/2025-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Хабар берилишича, 2024 йилда жами 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 410 415 нафарини (46 фоиз) жорий йил битирувчилари, 483 864 нафарини (54фоиз) эса аввалги йилларда битирган абитуриентлар ташкил этди. Рўйхатдан ўтиш талабларини тўлиқ бажарган 805 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этишга рухсат берилди (2023 йилда – 948 минг 486 нафар).

Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 422 400 нафарини хотин-қизлар (52,4 фоиз), 383 288 нафарини эркаклар (47,6 фоиз), ташкил этади.

Жорий йилда 489 118 нафар (60,7 фоиз) абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган.

Шунингдек, 2024 йилда доимий яшаш ҳудуди бўйича энг кўп Самарқанд вилоятида 95 979 нафар, Қашқадарё вилоятида 92 636 нафар, Фарғона вилоятида 79 808 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

Абитуриентларнинг 46 244 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 12 851 нафари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган.

Рўйхатдан ўтишда 22 632 нафар абитуриент чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 20 063 тасининг ҳақиқийлиги тасдиқланди, 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади.

Бундан ташқари 30 637 нафар чет тилидан, 20 684 нафар умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: