19:41 | 06.09.24
«Айрим жойларда 45 даражагача кўтарилди». Ўзбекистонда август ойи энг иссиқ ойлардан бири деб қайд этилди.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг август ойи биринчи ярми жуда илиқ бўлиб, меъёрдан ўртача 2-3,5 даражага юқори бўлди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу даврда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 36-41 даражагача, жанубда 42-43 даражагача, энг чекка жанубда айрим кунларда 45 даражагача кўтарилди. Марказий ва жанубий ҳудудларда 40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони сўнгги 10 йил ичида, айниқса республиканинг энг чекка жанубида ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлди. Бироқ жуда юқори ҳарорат қийматлари август ойида кузатилмади.
Ойнинг иккинчи ярмида яқинлашиб келаётган кузнинг хабарчиси сифатида Ўзбекистон ҳудуди бўйича бир қатор салқин ҳаво кириб келиши кузатилди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат фони меъёргача пасайди. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан 29-34 даража, жанубда 35-38 даража атрофида бўлди. Ҳарорат энг салқин бўлган кечаларда 14-17 даражагача пасайди.
Август ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан 1-2 даражага юқори бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил август ойи барча кузатув йиллари учун энг илиқ август ойлари учлигига кирди.
Август ойи қуруқ бўлди. Ёмғир жуда кам ёғди — ҳудуднинг катта қисмида 1 кундан 3 кунгача бир оз ёмғир ёғиши кузатилди, ойлик ёғингарчилик миқдори 1-2 мм ни, Андижон, Фарғона вилоятларида 3-5 мм ни, Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида 9-10 мм ни ташкил этди. Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳам ёмғир кам ёғди, аммо ёмғир ёғиши жадалроқ бўлди. Ойлик ёғингарчилик мидори 6-11 мм ни, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ва Қамчиқ довони ҳудудида 19 мм ни ташкил этди. Республиканинг жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларида ой давомида ёмғир умуман ёғмади.
Ой давомида республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кузатилди, Устюртда баъзи жойларда шамолнинг кучайиши баъзида 20-25 м/с га етди. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши чанг-тўзонлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 800 м гача ёмонлашди.
Ушбу йилда август ойи меъёрдан 1-2 даражага илиқроқ бўлиб, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми бўйича эса 2021 ва 2023 йилларнинг ёзги мавсумлари билан бир қаторда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ учликка кирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: