13:30 | 15.08.24
Ота-оналарга болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланади.
«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун Сенат томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сенатнинг 55-ялпи мажлисида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилган.
Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун билан илк бор янги институт жорий қилинмоқда. Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. Ушбу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача берилади ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилади.
Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: