«Ўзбекистонда етарлича шакар бор ва ҳеч қандай ҳавотирга ўрин йўқ» — Рақобат қўмитаси
Аҳолини етарли миқдорда шакар билан таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан чоралар кўрилган
Шакар маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2023 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича Ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда ва биринчи босқичида (2023 йил 1 майга қадар) шакар ишлаб чиқариш қувватларини 2022 йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши, натижада суткасига 2,5 минг тоннагача шакар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бунда йиллик шакар ишлаб чиқариш 600 минг тоннадан 1 миллион тоннагача ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, республика аҳолисини етарли миқдорда ва мақбул нархларда шакар ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилган.
«Республика аҳолисининг йиллик эҳтиёжини (ўртача 650 минг тонна) барқарор таъминлаш учун зарур даражада (1 миллион тонна) шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», дейилади қўмита хабарида.
Маълумот учун, бугунги кунда аҳолига шакар 11 500–14 000 сўмдан, айрим ҳудудларда 12 000–15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.