21:01 | 03.08.24
Ўзбекистонда газ нархлари бўйича ўтказилган мониторинг натижаси эълон қилинди
Рақобат қўмитаси томонидан метан чакана нархлари бўйича ўтказилган мониторинг натижаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда, Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев автомобилларга газ тўлдириш станцияларида сотилаётган метан ва суюлтирилган (пропан) газ нархларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган назорат механизмлари юзасидан маълумот бериб ўтди.
Давлат раҳбари томонидан метан гази нархларининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича Рақобат қўмитаси, Бош прокуратура ва Энергетика вазирлигига бир қатор топшириқлар берилди. Метан гази нархларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) чакана нархлар тизимли мониторинги йўлга қўйилди.
Жумладан, газ шохобчаларида сотилаётган метан газ маҳсулотининг нархларини тезкорлик билан аниқлаш мақсадида идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими орқали онлайн режимда ҳамда бевосита жойига чиққан ҳолда ҳар бир метан газ тўлдириш шохобчаси ўрганилади ва қўлланилаётган нархлар аниқланади.
«Нархларни асоссиз оширилмаслиги юзасидан ҳар бир газ тўлдириш станцияларида профилактика, тушунтириш ишлари олиб борилади ва огоҳлантиришлар берилади. Нарх чеклови бекор қилингандан сўнг Қўмита томонидан республика бўйича 1450 та газ тўлдириш шохобчаларида сотилаётган метан гази чакана нархларининг дастлабки тезкор мониторинги ўтказилди.
Унинг натижаларига кўра, газ тўлдириш шохобчаларининг 71 фоизида (1 064 та ҳолатда) 3 750 сўмлик нарх сақланиб қолаётгани, 25 фоизида (370 та ҳолатда) нархлар 3800-3950 сўмгача бўлгани аниқланди, қолган 4 фоизи иш фаолиятида эмаслиги аниқланди», дейди Рақобат қўмитаси.
Қайд этилишича, бугунги кунда метан гази нархларининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас. Рақобат қўмитасида газ тўлдириш шохобчалари ўртасидаги келишиб қилинган ҳаракатлар ёки ўз устун музокара кучини суиистеъмол қилиш натижасида нархларни асоссиз ошириш ҳолатлари аниқланганда, ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан нархларни тушириш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилади ҳамда молиявий жарималар қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, пропан гази маҳсулоти нархлари ўрганилганда 20 фоиз газ тўлдириш шохобчаларида нархлар 5500 сўмни, 65 фоизида 5500-6000 сўм оралиқда эканлиги, 5 фоизи 6500 сўм ва 10 фоизи иш фаолиятида эмаслиги аниқланди.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан биржа савдоларида пропан маҳсулотининг нархларига таъсир этувчи омиллар ўрганилмоқда ва ишлаб чиқарувчилар томонидан нарх манипуляциялари ва бошқа рақобатга зид ҳаракатлар аниқланганда уларга нисбатан таъсирчан ҳуқуқий чоралар қўлланилади.
«Бугунги кунда, «Рақобат тўғрисидаги» қонун ҳужжатларида барча мана шундай қонунга хилоф ҳолатларни олдини олишга қаратилган механизмлар ва ҳуқуқий воситалар етарли даражада белгиланган. Рақобат қўмитаси метан ва пропан гази нархлари устидан таъсирчан мониторингни давом эттиради ва мониторинг натижалари жамоатчиликка доимий тарзда етказиб борилади», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: