17:11 | 01.07.24
Ўзбекистонда ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди.
Душанба ва сешанба кунлари Волгабўйи ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво оқими ҳарорат фонини +30…+33 даражагача, жанубда +35…+38 даражагача пасайтиради.
Кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудудидан салқин ҳаво чекинади, аммо бу кунларда кучли иссиқ бўлиши кутилмайди. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +35…+38 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +39…+41 даражагача бўлади.
1−5 июль кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 1−2 июлда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. 1 июлда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 1−2 июлда кундуз кунлари +30…+33 даража, 3−5 июлда +35…+38 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +18…+23 даража бўлади.
Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 1 июлда баъзи жойларда 12−14 м/с гача кучайиши мумкин.