15:02 | 06.08.24

                       

Ўзбекистонда ипотека кредитининг йиллик фоиз ставкаси 0,5 фоизга пасайди

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан ажратиладиган ипотека кредитининг йиллик фоиз ставкаси 0,5 фоизга туширилди

Марказий банк бошқарувининг қарорига асосан 26 июлдан асосий ставка 13,5 фоизга пасайтирилганлиги хақида эълон қилинганди. Шу сабабли ипотека кредитининг йиллик фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ипотека кредитлари қуйидаги тижорат банклари томонидан ажратилади:

  • «Асака банк»;
  • «Миллий банк»;
  • «Халқ» банки;
  • «Алоқабанк»;
  • «Саноатқурилишбанк»;
  • «Бизнесни ривожлантириш» банки;
  • «Микрокредитбанк»;
  • «Турон банк»;
  • «Агробанк»;
  • «Ҳамкор банк»;
  • «Ориент финанс банк».

«2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинган. Унга кўра, мазкур кредит миқдори:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 330 миллион сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида — 420 миллион сўмгача.

Қарз олувчи томонидан бирламчи уй-жой бозорида квартира сотиб олиш учун зарур бўлган ипотека кредитининг миқдори дастурда кўрсатилган миқдордан юқори бўлганда, банклар ўз ҳисобидан кредитнинг етмаган қисмини бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали молиялаштириши мумкин.

Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинди.

Маълумот ўрнида, мазкур ипотека кредити расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролага ҳам ажратилади. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади. Бундай фуқароларга буджет маблағлари ҳисобидан 30 миллион сўм миқдорида субсидия ҳам тўланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: