14:48 | 04.08.24
Ўзбекистонда иқлим бўйича Президент ҳузуридаги энг юқори маслаҳат органи ташкил этилади.
Президент ҳузурида Иқлим кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Қайд этилишича, Республикада Иқлим кенгашини ташкил этиш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, Иқлим кенгаши иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари бўйича Президент ҳузуридаги энг юқори маслаҳат органи ҳисобланади.
Иқлим кенгашининг асосий вазифаларидан бири БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилиши мониторингини юритиш этиб белгиланган.
Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази Иқлим ўзгариши миллий маркази (Иқлим маркази) деб қайта номланди.
Маълумотларга кўра, илмий ва академик салоҳиятни ошириш ҳамда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) Иқлим илмий форуми (резиденцияси) (Иқлим резиденцияси) ташкил этилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: