10:30 | 15.08.24
Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушди.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон 2020 йилда аҳолининг муайян қисми камбағал эканини тан олиб, уларга мадад беришга киришган. Узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган 3 миллиондан зиёд одамларнинг шароити яхшиланган. Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушган.
Келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. 2024 йил 12 июль куни Фарғона вилоятида ўтган йиғилишда давлат раҳбари бу борада янгича ёндашувлар кераклиги, энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бир тизимда бўлишини айтган эди.
Тақдимотда ушбу икки соҳани мутаносиб ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Унга кўра, таҳлиллардан келиб чиқиб, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхати шакллантирилади. Жумладан, унга «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар «маҳалла еттилиги» ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар «Инсон» марказлари томонидан амалга оширилади.
Камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилади. Шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилади. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, «оёққа туриши» га кўмаклашилади.
Шунингдек, камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалар рўйхати ҳам шакллантирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ҳокимликлар томонидан ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, улар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб борилади.
Бугунги кунда ҳоким ёрдамчиларига 20 дан ортиқ вазифалар юклатилган. Шу сабабли камбағалликни қисқартириш масаласи иккиламчи даражага тушиб қолган. Энди ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятини қайта кўриб чиқилиб, асосий эътибор камбағалликни қисқартириш ва улар бандлигини таъминлашга қаратилади.
Ҳар йили камбағалликни қисқартиришга 14 триллион сўм йўналтирилмоқда. Лекин бу маблағ 40 турдаги молиявий воситалар орқали, 10 га яқин идора томонидан берилмоқда, ягона ёндашув йўқ. Шу боис бу тизим ҳам ўзгартирилади. Маблағлар ҳудуд, туман ва маҳаллалар кесимида камбағал оилалар сонидан келиб чиқиб, мос равишда Агентлик ва ҳокимликлар томонидан тақсимланади. Бунда маблағлар, биринчи навбатда, оилани камбағалликдан чиқаришга йўналтирилади.
Камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда – маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилинади. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Иш ўринларини захиралаш амалиёти ўрнига эҳтиёжманд кишиларни ишга олган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари жорий қилинади. Бўш иш ўринлари тўлиқ рақамлаштирилади. Буюртмачини касаначи ва фрилансерга боғлайдиган онлайн платформа ташкил қилинади. «Ишга марҳамат» мономарказларида камбағал фуқароларни хизматлар соҳасида замонавий касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.
«Охирги йилларда тўпланган тажриба ва одамларнинг эҳтиёжидан хулоса қилиб, камбағалликни қисқартиришни янги босқичга олиб чиқиш керак. Эҳтиёжманд инсонларнинг хоҳиши ва имкониятини қўллаб-қувватлаб, ҳаётга, жамиятга олиб кириш зарур. Умуман, ҳар қандай ижтимоий ёрдам пировардида бандликка боғланиши шарт» , – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга ижтимоий кўмакларнинг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш, бандлик ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: