11:08 | 01.09.24
Ўзбекистонда маҳкумлар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун кучга кирди.
Ўзбекистон президенти 28 август куни Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Мазкур Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (болалар омбудсманига) ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Агар оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар президент, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ ва суднинг ҳукми асосида маҳрум этилган бўлмаса, улар ушбу сайловларда ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳужжатга мувофиқ, маҳкумлар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Жазони ижро этиш муассасаларининг ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шарт. Маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда омбудсманга мурожаатлар қутиси, тарбия колонияларида эса қўшимча равишда болалар омбудсманига мурожаатлар қутиси ўрнатилади.
Омбудсман қутиси тегишинча фақат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) ёки уларнинг котибиятлари ходимлари томонидан очилади.