13:30 | 26.06.24

                       

Ўзбекистонда психологлар фаолияти назоратга олинади

Ўзбекистонда психологлар фаолияти назоратга олинади. Қонунни бузган психологлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистонда аҳолига психологик ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томинидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

«Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан психологик ёрдам кўрсатиш борасидаги асосий тушунчаларнинг мазмунини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.

Бунда, психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш, ушбу соҳадаги тадқиқот ва илмий тажрибалар ўтказиш масалалари ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда. Эндиликда, психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,7 миллион сўмдан 3,4 миллион сўмгача ), мансабдорларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратилиши, фуқароларнинг психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий амалиёт олиб бораётган психологларнинг қонуний фаолият олиб бориши таъминлашга хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: