11:40 | 14.03.23

                       

Ўзбекистонда «свет», газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланди

«Счётчик» кўрсаткичларини ўзгартирганларга нисбатан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, энди умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, «счётчик»ларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш ўғрилик деб белгиланиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқбузарликни оз миқдорда содир этган шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Бош прокуратурага кўра, 2022 ва 2023 йилда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган, ушбу жиноятлар давлат манфаатига 368,1 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказган. Шу даврда сув таъминоти тармоқларига 1624 та ноқонуний уланиш аниқланган, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 миллиард 144 миллион сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

Аввалроқ Сенат энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ўғрилик жинояти деб баҳоланишини маъқуллагани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: