22:15 | 31.10.24

                       

Ўзбекистонда «Яшил» тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистонда «Яшил» тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон иқлим ўзгаришини юмшатишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларда фаол қатнашиб, мамлакатда барқарор ва яшил ривожланиш йўналишини қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда. The European Geopolitical Forum’да бу бўйича мақола эълон қилинди.

2023 йил сентябрида «Ўзбекистон 2030 стратегияси» қабул қилинди, унда экологияни яхшилаш ва аҳоли учун қулай экологик шароитлар яратиш бўйича мақсадлар белгиланган. Мазкур стратегия доирасида яшил ривожланишга қаратилган бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган, жумладан, миллий «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион дарахт кўчатлари экилади.

Лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари

  • Яшил майдонлар: «Яшил макон» лойиҳаси асосида Ўзбекистон бўйлаб дарахт экиш орқали яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш кўзда тутилган;
  • Жанубий ҳудудлар: Орол денгизи ҳудудида 600 минг гектар яшил майдон яратиш орқали экологияни барқарорлаштириш мақсад қилинган;
  • Иқлим ўзгаришига қарши чоралар: Хавотирли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда экинлар экиш ва сув тежамкор усулларни ривожлантириш.

Ўзбекистон Марказий Осиёда «Яшил Марказий Осиё» лойиҳаси орқали ҳамкорликни кучайтирмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мамлакатда амалга оширилаётган яшил ривожланиш лойиҳалари нафақат маҳаллий аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга, балки Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришини юмшатишга ҳам ҳисса қўшади.

Ўзбекистон «яшил» ривожланишининг асосий йўналишларидан бири энергетика соҳаси ҳисобланади. Мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини фаол ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида замонавий қуёш ва шамол электр станциялари қурилмоқда. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1,6 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида эса умумий қуввати 183 мегаватт бўлган 6 та йирик ва кичик гидроЭлектр станциялар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бино ҳамда турар жойларга умумий қуввати 457 мегаватт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бу мақсадлар учун банклар томонидан қарийб 2 триллион сўм маблағ ажратилди. Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газни тежаш имконияти яратилди.

Ўзбекистон экология соҳасида ҳам салмоқли ютуқларга эришди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси республика бўйича ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчатини экишни кўзда тутади. Жумладан, 2024 йилнинг баҳор мавсумида 138,5 миллион дона ёки режанинг 110 фоизини ташкил этадиган дарахт кўчатлари экилди. Шундан 5 миллион 300 минг туп дарахт кўчатлари 1040 та саноат корхонаси ҳудудига ўтқазилди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида 215 минг гектар майдонни “яшил қопламалар” эгаллади. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудига 3,4 миллионга яқин кўчат ва қаламчалар экилди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида иқлим ўзгаришига қарши курашдаги ҳамкорлик доирасидаги асосий лойиҳалардан бири Германия ҳукумати ва GIZ кўмагида амалга оширилаётган «Яшил Марказий Осиё» лойиҳасидир. Бу лойиҳа доирасида биринчи марта иқлим ўзгаришининг таъсирларига мослашиш бўйича Марказий Осиё дастури ишлаб чиқилиб, муаммони ҳал этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бундан ташқари, мазкур дастурни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш учун Ҳайъат котибиятини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси каби глобал тадбирларда Марказий Осиё минтақасининг иштирок этиши ҳақида айтиладиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси COP28 доирасида Дубайда (БАА) илк бор миллий павильонлар билан қатнашди. Мамлакатнинг павильонлари ўзининг бир турдаги визиткасига айланиб, барчанинг эътиборини тортди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларининг экологик идоралари вазирлари БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича асосий конвенцияси (UNFCCC) йиғилишида иштирок этиш учун Марказий Осиё мамлакатларидан ягона музокарачилар гуруҳини тузиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу минтақанинг халқаро майдондаги иштироки ва нуфузини мустаҳкамлаш йўлида стратегик муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.