13:35 | 25.02.23
Таъкидланишича, маҳкумлар етарлича қайта тарбияланмасдан озодликка чиқарилаётгани жиноятлар кўпайишига сабаб бўлмоқда
Ўзбекистонда жазога маҳкум этилган шахслар етарлича қайта тарбияланмасдан туриб, жуда эрта озодликка чиқарилаётгани бундай шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммад Валиев маълум қилди.
Муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 9724 тани ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилда 11 635 тага етган, яъни 19,6 фоизга ошган. Шу каби муқаддам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 168 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 9,5 фоизга ошиб, 184 тани ташкил этган.
«Судлар томонидан шахсларга қўлланаётган жазолар шахсларнинг ахлоқи тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Бунинг устига, шахсларнинг муддатидан илгари шартли озод қилиниши ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очяпти», — дейди Валиев.
Шу сабабли депутат ривожланган хорижий мамлакатлар бундай муаммоларга ўзига хос ечимни ишлаб чиқилганини маълум қилган. Хусусан, аксарият Европа давлатларида жазодан шартли равишда озод қилишда маҳкум томонидан содир этилган жиноятларнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, тайинланган жазо муддатининг маълум бир қисми ўталганидан сўнг шахс шартли озод қилинади. Бундай муддат Германия ва Данияда учдан икки қисмни, Испанияда тўртдан уч қисмни ташкил этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев Муҳаммаджон Валиев кўтарган масалага ўз муносабатини билдирди.
Унинг таъкидлашича, ростдан ҳам судлар томонидан қўлланаётган жазолар ахлоқ тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Бунинг устига, муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очмоқда.
«Жамиятимизда одамлар онгида ҳечқиси йўқ, бир неча йилда чиқиб келади, деган тушунча мустаҳкамланиб бораётгани кишини хавотирга солади… Ҳамкасбимнинг фикрига қўшилган ҳолда, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун талабларни ошириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман», — дейди Тожиев.
У жамиятни чуқур хавотирига сабаб бўлаётган педофилия, қасддан одам ўлдириш ва шу каби оғир жиноятлар кўпайиб бораётган бир пайтда муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш тизими ва шартларини қайта кўриб чиқиш вақти келганини қайд этган.
«Айниқса, жамиятимиз чуқур хавотирига сабаб бўлаётган педофилия, қасддан одам ўлдириш ва шу каби оғир жиноятлар кўпайиб бораётган бир пайтда муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш тизими ва шартларини қайта кўриб чиқиш вақти келди», — деб ёзади спикер ўринбосари.
Аввалроқ Адлия вазирлиги жиноий жавобгарликнинг енгиллаштирилиши жиноятчилик ҳолатига қандай таъсир қилади, деган саволни кўтарганди. Унда қайд этилишича, сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонда жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати олиб борилган — бу билан Жиноят кодексининг аксарият моддалари оғирлиги пасайтирилган, бир қатор жиноятларда зарар қопланса, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш тақиқланган, жабрланувчи билан ярашган тақдирда жиноий жавобгарликдан қутулиш имконияти жорий этилган, шунингдек, амнистия ва охириги 5 йил ичида — жазодан шартли равишда озод қилиш кенг қўлланилган.
Мавзуга доир: Сенат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳкумларни алмашиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди
Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Фарғонадаги қамоқхонада маҳкум вафот этганди. Шунингдек, Россия ва АҚШ ҳам ўзаро маҳбус алмашгани, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери қанча маҳкум озод қилингани, мамлакатда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилиши ва маҳкумларнинг кино ҳамда телекўрсатувлар кўриш ҳуқуқи аниқ белгиланаётгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: