16:29 | 03.04.23

                       

Ўзбекистонликлар яна бир хавфли дори воситасидан огоҳлантирилди

«Тутукон Нео ичиш учун эритма 250 мл» препарати фармацевтика бозоридан муомаладан қайтариб олинмоқда

Испаниянинг Labaratorio Miquel Y Garriga Inc, S.L. корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган «Тутукон Нео ичиш учун эритма 250 мл» (флаконларда) дори препаратининг «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)» талаблари бузилган ҳолда ишлаб чиқарилгани аниқланган. Бу ҳақда Испаниянинг «Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги» (AEMPS) қарорида кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» юқоридаги маълумотга асосан, мамлакат ҳудудига кириб келган қуйидаги: R-049, R-050, R-051, R-078, R-080, R-222, R-236, R-081, R-124, R-204, R-205, R-206, R-218, R-219, R-220, R-221, R-223, R-224, R-225 сериялари фармацевтика бозоридан муомаладан қайтариб олинаётганини маълум қилди.

Заҳарли дорилар Ўзбекистонга қандай кириб келган?

Marion Biotech’нинг Ўзбекистондаги дистрибютори — Quramax Medical МЧЖ. Бу фирма 2006 йилда рўйхатдан ўтган; раҳбари — Сингҳ Рагвендра Пратар. «Док-1 Макс» сиропи мамлакатда 2012 йилда рўйхатга олиниб, сотувга чиқарилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича ваколатли орган ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади. Агентликнинг бу йўналишдаги ишчи органи — Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази.

Агентлик ва унинг ҳузуридаги марказ директори 30 декабрга қадар Сардор Қориев эди. Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев болалар ўлимига йўл қўйгани учун уни ишдан олди. Амалдаги тартибга биноан, Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва импорт қилинган дориларнинг ҳар бир партияси ёки серияси мувофиқлик сертификатини олиши керак. Сертификати бўлмаган дори воситалари божхонадан ўтказилмайди.

Дори воситаларини сертификатлаш бўйича аккредитацияга эга жами 7 та ташкилот бор, шундан 6 таси Фармацевтика агентлиги тизимига киради. «Док-1 Макс» сиропининг 2022 йилда республикага олиб кирилган 11 та сериясидан барчасига «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази» МЧЖ сертификат берган.

«Док-1 Макс»га 2022 йилдан аввалги сертификат 2018 йилда расмийлаштирилган; яъни расмий реестрга қаралса, орада 4 йил бу дорининг янги серияси олиб кирилмаган. 2022 йилда эса 5 сентябрдан 13 декабргача бўлган оралиқда препаратнинг 11 та сериясига сертификат берилган. Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 15 декабрдаги хатида «Док-1 Макс» билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар «охирги 2 ойда» рўй бераётгани қайд этилганди.

Quramax Medical’га тегишли «Амбронол», «Синепар», «Синепар ибу кид» каби қатор дориларни ҳам шу марказ сертификатлаган. Марказ директори — Мирзаботир Ҳамдамов. МЧЖнинг 51 фоиз улуши Фармагентлик ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига, 49 фоизи эса Фармацевтика институтига тегишли.

Давлат хавфсизлик хизмати «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази»нинг икки мансабдорини ҳибсга олган. Улар «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларини сертификатлаш мақсадида текширувдан ўтказишда амалдаги тартибларни қўпол равишда бузганликда гумонланяпти. Натижада бу препаратларнинг сифатсиз партияси сотувга чиқиб кетган. ДХХ, шунингдек, Quramax’нинг икки мансабдорини ҳам қамоққа олган.

Этиленгликоль эпидемиясининг янги тўлқини

Хавфли дорилар таркибида аниқланган этиленгликоль — саноатда антифриз, штамп сиёҳлари, шарикли ручкалар, бўёқлар, пластмассалар, плёнкалар ва косметика тайёрлашда фойдаланилади. Бу модда меъёрдан ортиқ истеъмол қилинганда биринчи навбатда марказий асаб тизими, юрак ва буйракларни ишдан чиқаради.

«Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолатда аксарият беморлар ўткир буйрак етишмовчилигидан ҳалок бўлган. Айнан шу модда – этиленгликоль, шунингдек, диэтиленгликолнинг дорилар таркибида бўлиши ўтган кузда Гамбия ва Индонезияда ҳам кўплаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Гамбияда 2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида йўталга қарши сироп ичган 70 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Гамбия парламенти қўмитаси бу ўлимларга Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals компанияси ишлаб чиқарган сироплар сабаб бўлганини билдирган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қутисида шу компания томонидан ишлаб чиқарилгани ёзилган 4 та сиропда этиленгликоль ва диэтиленгликолнинг миқдори «қабул қилиб бўлмайдиган» даражада эканини аниқлаган. Шу сабаб ташкилот октябрь ойи бошида бу 4 та дори — Promethazine Oral Solution (прометазин эритмаси), болалар учун томоқ оғриғига қарши «Кофехмалин» ва «Макофф» сироплари ҳамда болалар учун шамоллашга қарши «Магрип Н» сиропи юзасидан огоҳлантириш эълон қилган.

Компания бу айбловни рад этган. Ҳиндистон ҳукумати компанияга фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича топшириқ берган. Кейинчалик, декабрь ойида ҳинд расмийлари бу сиропларнинг Гамбияга юборилган партиясидан намуналар текширилганида ҳеч қандай муаммо аниқланмаганини ЖССТга маълум қилган.

Индонезияда эса қурбонлар сони янада кўпроқ: 199 нафар. Уларнинг аксарияти 6 ёшга тўлмаган. Ҳукумат октябрь ойида бу ҳолатлар бўйича текширув бошлаб, ўлим ҳолатларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган дорилар сотувини тўхтатган. ЖССТ ноябрь бошида бу ҳолат бўйича 8 хил дори (сироп ва томчилар) ҳақида халқаро огоҳлантириш чиқарган. Бу дориларнинг барчаси Индонезиянинг ўзида ишлаб чиқарилган. Бу препаратларда ҳам этиленгликоль ва диэтиленгликолнинг «қабул қилиб бўлмайдиган» миқдорда экани аниқланган.

«Диэтиленгликоль глицеринга қараганда арзонроқ туради, айрим компаниялар уни глицериннинг ўрнига ишлатади, лекин агар кўпроқ миқдорда қўшиб юборилса, бу турли касалликларни, масалан буйрак етишмовчилигини келтириб чиқариши мумкин», — деган Покистондаги фармацевтика ҳуқуқшунослари форуми раҳбари Нур Меҳар.

Унинг сўзларига кўра, 1938 йилдан буён дунё бўйича йўталга қарши дориларда диэтиленгликоль борлиги сабаб минглаб ўлимлар рўй бергани ҳақида хабар қилинган.

Очиқ манбаларга кўра, 2020 йилда Ҳиндистоннинг Рамнагар шаҳарчасидан бўлган 17 нафар бола Soldbest номли йўталга қарши дорини ичганидан кейин шифохонага ётқизилган, уларнинг ярмидан кўпи буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Ўрганишларда аниқланишича, препаратнинг ўша хатоли сериясида диэтиленгликоль дорининг 34,97 фоизини ташкил этган, болалар ана шундан заҳарланган.

Этиленгликоль 2019-2020 йилларда Бразилияда 10 кишининг ўлимига, 2008 йили Нигерияда 84 нафар боланинг вафотига сабаб бўлган. 2006 йилда бу модданинг инсонлар ўлимига сабаб бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар Панама ва Хитойда рўй берган. 2007 йилда тиш пастаси таркибида этиленгликолнинг топилиши халқаро можарони келтириб чиқарган.

«Док-1 Макс»дан вафот этган болалар

Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод 1 ёшли, Наманганда эса 3 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.

Сирдарё вилояти ССБ бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонованинг сўзларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилган. Уларнинг тўрт нафари соғайган, уч нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Гулистон шаҳар тиббиёт бошқармаси бош шифокори Юсуф Мирхонов эса 3 январь куни ўтказилган брифингда икки нафар бемор бола Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалида шифокорлар назорати остида даволанаётганини маълум қилганди.

27 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар «Док-1 Макс» сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлиги маълум бўлганини эълон қилди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан, 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: