15:41 | 14.07.24
Ўзбекистоннинг икки вилоятда электр тармоғига ноқонуний уланган фермер хўжаликлар аниқланди. Улар жами 400 млн сўмлик электрни ишлатишган.
Наманган ва Самарқанд вилоятларида электр тармоқларига ноқонуний уланган фермер хўжаликлари аниқланди. Бу ҳақда Прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиқўрғон ва Чортоқ тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “I.N.” ва “Қ.А.” фермер хўжалиги масъул шахслари ер майдонини суғориш учун ўрнатилган сув иншоотларини тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан электр тармоқларига улаб, жами 203,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Булунғур ва Жомбой тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ЯТТ Д.А., “S.B.” ҳамда “T.S.H.” фермер хўжаликлари масъул шахслари тижорат мақсадида электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 245 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: