18:01 | 07.09.24

                       

ЎзЛиДеП солиқ маъмурчилигини соддалаштиришни таклиф қилмоқда

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг I Конгрессида партиянинг аввалги сайловолди дастуридаги устувор вазифалар сарҳисоб қилинди.

Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов жараёнлари ўзининг муҳим палласига кириб бормоқда. Сайловларда қатнашувчи сиёсий партиялар ўзларининг ўтган даврда илгари сурган ташаббус ва таклифларининг амалга оширилишини сарҳисоб қилиш билан биргаликда, янги сайловолди дастурларини эълон қилмоқдалар.
7 сентябрь куни Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп сонли аъзолар ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи ўринга эга халқчил партияга айлана олган ЎзЛиДеПнинг I Конгресси бўлиб ўтди. Унда партиянинг ўтган 5 йиллик фаолияти таҳлили, истиқболдаги режалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича ўтган давр мобайнида ЎзЛиДеПнинг энг ёрқин ташаббусларидан бири Конституциямизни ислоҳ қилиш ғояси билан сиёсий майдонга чиққанлиги ва янги нормалар “инсон – жамият – давлат” концепциясига қатъий амал қилинган ҳолда тайёрланганлиги бўлди.

ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари партия сайловолди дастуридаги мақсад ва ғояларини амалга оширишга қаратилган 200 дан ортиқ қонунлар қабул қилинишида фаоллик кўрсатиганлиги, шу билан бирга 41 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция депутатлари ташаббускор бўлганлиги алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Солиқ, Божхона, Ер ва Шаҳарсозлик кодекслари янгича бизнес муҳитини рағбатлантирадиган нормалар билан бойитилиб, янада либераллаштирилишига эришилганлиги таъкидланди.

Конгресс иши давомида партиянинг келгуси беш йилликдаги муҳим стратегик ҳужжати бўлган янги Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди. Дастур «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тўлиқ амалга оширишни назарда тутувчи 5 мақсад – 500 вазифани ўз ичига қамраб олганлиги маълум қилинди.

Партия либерал тамойилларга асосланган эркин бозор муносабатларини қўллаб-қувватловчи ташаббусларга содиқ қолган ҳолда, бизнес юритишни янада соддалаштириш, лицензиялар сонини 2 бараварга қисқартириш, мингга яқин бюрократик талабларни бекор қилиш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, тадбиркорлар учун солиқ тўлашда адолатли шароитлар яратиш каби вазифаларни белгилаб олмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: