Қозоғистонда 6 йил тутқунликда сақланган ўзбекистонлик Ватанига қайтарилди
У қўшниси томонидан сотиб юборилган.
Бош консуллик томонидан Қозоғистонда бедарак йўқолган Ўзбекистон фуқаросини қидириб топиш ва Ватанга қайтариш юзасидан амалий кўмак кўрсатилди. Бу ҳақдa «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи А.А.ни қўшни аёл Қозоғистонинг Чимкент вилоятига чақириб, алдов йўли билан аллакимга сотиб юборган ва у шу тариқа бедарак йўқолган.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллиги ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Чимкент шаҳридаги вакили, «Сана Сезим» нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) ва Туркистон вилояти полиция департаментининг Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда фуқаро А.А. қидирувга берилган.
2023 йил 11 сентябр куни Туркистон вилоятининг Ордабаси тумани полицияси ёрдами билан А.А. излаб топилди ҳамда унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида А.А. «Сана сезим» ННТ томонидан ётоқ-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган.
Шундан сўнг, Бош консуллик унга ватанга қайтиш гувоҳномасини берган ҳамда «Сана Сезим» ННТ ходими билан ҳамроҳликда А.А. «Жибек-жоли – Ғишт кўприк» чегара ўтказиш пункти орқали мамлакатга қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қозоғистонда икки ўзбекистонлик бир неча йил давомида тутқунликда сақлангани аниқланди.