18:36 | 07.07.23

                       

Қозоғистондаги зарарли чигирткаларнинг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли кам — видео

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда зарарли чигирткаларга қарши 15,6 минг гектар майдонга ишлов берган.

Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида зарарли чигиртканинг босқини юз бермоқда. Қўстанай вилояти икки туманидаги далаларга чигирткалар ҳужум қилгани, чигирткалар 10 минг 500 гектар ерга экилган экинни еб кетгани маълум бўлган. Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қозоғистон расмийлари билан мулоқот давомида, 2 июлдан бошлаб Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош Қўстанай вилояти Жангелди, Амангелди, Алтинсари ва Денисов туманлари ҳудудида зарарли чигиртканинг «Италия пруси» тури тарқалганини тасдиқлаган.

Ҳолат бўйича Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан берилган расмий маълумотга кўра, Қўстанай вилоятининг 260 минг гектар ҳудудида зарарли чигирткаларга қарши ишлов бериб, вазият назоратга олган.

Маълумот учун, Қўстанай вилояти Ўзбекистондан 2,000–2,200 км узоқликда, бугунги кунда юқорида қайд этиб ўтилган зарарли чигирткалар тўдаси республикамиз ҳудудига кириб келиши эҳтимоли кам.

Ўз навбатида Қозоғистоннинг Туркистон вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент вилоятида зарарли чигирткага қарши кураш чоралари олиб борилиб, чегара ҳудудида 15,6 минг гектар майдонда ишлов берилган. Хавфли вазият юзага келишини олдини олиш мақсадида кузатув-назорат ишлари давом этмоқда.

Агентлик зарарли чигирткага қарши кураш олиб бориш учун 2023 йилда зарарли чигирткаларнинг 519 минг гектар майдонида кимёвий ишлов ўтказишни режалаштирган, ҳозирга қадар 481,7 минг гектар майдонга ишлов берилган. Қоғозистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларга қарши курашга оид қўшма чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиб, доимий ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, моддий-техника базани мутаҳкамлаш мақсадида 140 та трактор, 21 та махсус Пикап автомашинаси ва 3 турдаги 450 га яқин пуркагичлар харид қилинди. Шунингдек, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда семинар-тренинглар олиб борилиб, мутахассисларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Тизимни такомиллаштириш мақсадида 581,5 минг АҚШ доллар қийматидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Грант асосида бугунги кунга қадар 145,0 минг АҚШ доллар қийматидаги техника ва асбоб-анжомлар етказиб берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: