19:21 | 16.08.24
Озодбек Назарбеков «Овоз» лойиҳасига ажратилган маблағларини танқид қилганларга жавоб қайтарди
Маданият вазири Озодбек Назарбеков одамлар «Овоз» лойиҳасига ажратилаётган маблағлар ҳақида 16 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапириб берди.
«Бир нарсани тўғри тушунинглар, «Тhe Voice» ёки «Овоз» лойиҳасининг ўзи етарли бизга. Бу Ўзбекистоннинг имижини кўтаришга хизмат қилади. Агар шунинг учун 2 миллиард ажратиш жиноят бўлса, майли, мен розиман. Ўзбекистоннинг имижи учун 76 та давлатда энг топ бўлиб турган, бутун дунёдаги ягона мусиқий шоуга ажратилган 2 миллиард сўмни маломат қилаверсангиз, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман шу пулларни», — деди у.
Вазир Озодбек Назарбеков лойиҳага қўшни давлатлардан иштирок этиш бўйича таклифлар тушаётганини айтди.
«Шу лойиҳанинг Ўзбекистонга кириб келганининг ўзи Марказий Осиё давлатларининг кўзини очиб қўйди. Ҳаммаси менга телефон қилиб, қачон биз ҳам қатнашамиз, деб сўраяпти. Ахир мамлакатнинг имижи учун шу керакмасмиди бизга? Битта спортчи ҳам бир жойга бориб юртнинг имижини кўтариб, шу ишни қиляптику аслида. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг талантларини бирданига халқаро майдонга кўрсатиб қўйяпти. Уларни 76 та давлатда кўришяпти. Улар Ўзбекистон деган давлатни харитадан излашга тушяпти. Қаерда у, деб сўраяпти. Менга шу керак эди. Бу бренднинг овоза бўлгани керак эди. Шу кўрсатув орқали бизга Кубадан ҳам иштирокчилар келмоқда. Менга ишонинглар, бу республикада истеъдодларнинг юзага чиқиши учун, имижни кўтариш учун хизмат қиладиган лойиҳа», — деди вазир Озодбек Назарбеков.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: