16:36 | 30.08.24
Паралимпия. Тарихий рекорд ўрнатган ўзбекистонлик Асила Мирзаёрова ўз рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон делегацияси Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида дастлабки олтин медалини қўлга киритди. Мазкур чемпионлик Асила Мирзаёровага насиб этди.
Т11 классида узунликка сакраш дастурида иштирок этган спортчи 5.24 метр натижани қайд этиб, биринчи бўлди. У иккинчи ўриндаги рақибини катта фарқ билан (33 сантиметрга) ортда қолдирди.
Эътиборли томони, у дастлабки уринишда 5.22 метр натижа қайд этиб, 28 йилдан буён сақланиб турган Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади. Бешинчи уринишида эса 5.24 метр натижа кўрсатиб, ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилаб қўйди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 4 тага етди – 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза.
Маълумот учун, ушбу йўналишда аввалги Паралимпия ўйинлари рекорди 1996 йил Атлантада ўтказилган ўйинларда ўрнатилган. 28 йил аввалги рекорд испаниялик Ортиз Очисткага тегишли эди – 5,07 м.
Эслатиб ўтамиз, Асила Мирзаёрова Токио–2020 ёзги Паралимпия ўйинлари кумуш медал соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, 2023 йил июл ойида Франциянинг Париж шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: