18:08 | 01.09.24
Паралимпия триатлон пойгалари бир кунга кечиктирилди. Бунга Сена дарёсидаги сув сифати ёмонлашгани сабаблиги айтилмоқда.
Париж-2024 Паралимпия ўйинларидаги пара-триатлон мусобақаларининг ўтказилиши Сена дарёсидаги сув сифати ёмонлашгани сабабли 24 соат кейинга қолдирилди.
Халқаро Триатлон Иттифоқининг баёнотида келтирилишича, ташкилот томонидан ўтказилган текширувда дарёдаги сув сифат жиҳатдан белгиланган хавфсизлик мезонларига жавоб бермаган. Бу кўрсаткичлар, ўз ўрнида, мусобақа иштирокчилари саломатлиги учун хавф туғдириши мумкинлиги сабабли 11 та категория бўйича ўтказиладиган триатлон пойгаларининг барчаси бир кунга кечиктирилган.
1 сентябрь куни ўтказилиши белгиланган триатлон мусобақаларини эртага — 2 сентябр санасида ташкил этиш режалаштирилмоқда, аммо бу ҳам кейинги сув синовларининг натижаларига боғлиқ. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, спортчилар соғлиғи ва хавфсизлиги устувор вазифа ҳисобланади, шу сабабли масъуллар мусобақаларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишда барча эҳтиёт чораларини ҳисобга олишмоқда.
Худди шундай ҳолат роппа-роса бир ой аввал бўлиб ўтган Париж олимпиадаси ўйинлари давомида ҳам кузатилиб, триатлон мусобақалари кучли ёмғир туфайли бир неча марта кечиктирилган ва ташкилотчилар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирган эди. Бу тажриба ҳисобга олиниб, паралимпия триатлон мусобақаларини ташкил этиш учун аввалдан режалар тузилган эди, бироқ об-ҳаво шароити кутилганидан олдинроқ ёмонлашгани ва кучли ёғингарчилик ҳолати юз бергани сабаб бу сафар ҳам ўйинларни кечиктириш зарурати туғилди.
Маълумот ўрнида, триатлон (учкураш) — мултиспорт тури бўлиб, унда иштирокчилар сузиш, велопойга ва югуриш каби уч босқичдан иборат спорт мусобақалари бўйича беллашади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: