17:29 | 25.08.24

                       

Париж аэропортида қўлга олинган Telegram асосчиси Павел Дуров 20 йилга қамалиши мумкин — асосий маълумотлар

Франция расмийлари Павел Дуровни Telegram’да модерациянинг деярли йўқлиги, ушбу тармоқда содир бўлаётган ноқонуний ҳаракатлар, гиёҳванд моддаларни тарқатиш, болалар порнографияси, фирибгарлик ва қатор бошқа айбловлар билан қидирувга бергани маълум бўлган

Ўзи нима гап?

Telegram асосчиси Павел Дуров Парижнинг Le Bourget аэропортида ҳибсга олинди. Дуровга нисбатан бир қатор айбловлар илгари сурилган бўлиб, агар айблари исботланса у 20 йилга қамалиши мумкин.

У 24 август, шанба куни Озарбайжондан хусусий самолётда Парижга учиб борганидан кейин қўлга олинган. Унга қўриқчиси ва шахси номаълум аёл ҳамроҳлик қилган.

Қайд этиш керак, Дуров Францияда қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган бўлиб, уни ҳибсга олиш учун Франция суд-тергов полицияси дастлабки тергов бўйича ордер берган. Тадбиркор мазкур мамлакатда «персона нон грата» эканини яхши билгани, Европа бўйлаб камроқ саёҳат қилгани ва Telegram иши хавфсизлик кучлари назорати остида бўлган давлатлардан қочгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Франция расмийлари Павел Дуровга нисбатан Telegram’да модерациянинг деярли йўқлиги, ушбу тармоқда содир бўлаётган ноқонуний ҳаракатлар, жумладан, гиёҳванд моддаларни тарқатиш, болалар порнографияси ва фирибгарлик ва бошқа айбловлар учун қидирувга берилган.

Дуровнинг ҳибсга олиниши фонида унга тегишли эканлиги айтилган TON криптовалютаси ҳам криптобиржаларда 20 фоизга қулади.

Дуровнинг ҳибсга олиниши бўйича ким нима деди?

Вазият юзасидан Франция расмийлари ҳозирча фақат сукут сақламоқда. Reuters агентлиги мамлакат Ички ишлар вазирлигидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, бироқ якшанба дам олиш куни бўлгани сабаб изоҳ олиш имконсиз бўлган.

Америкалик тадбиркор, Х ижтимоий тармоғи эгаси, миллиардер Илон Маск ўзининг Х тармоғида Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олинишини «аҳмоқгарчилик» деб изоҳлаган. Маск шунингдек, 2030 йилга бориб Европа мамлакатлари мемларга like босганлар қатл этилишигача боришини истеҳзо қилган.

Ўзбекистонлик таниқли русизабон блогер Никита Макаренко агар Telegram бирдан ишламай қолса, Ўзбекистон фалаж бўлишидан, барча давлат органлари айнан шу тармоқдан фойдаланишини таъкидлаб, мамлакатга барқарор захира варианти кераклигини ёзиб қолдирган.

Дуров билан интервью ташкиллаштирган таниқли америкалик журналист Такер Карлсон унинг ҳибсга олиниши Telegram’да цензура пайдо бўлишига кескин қаршилиги билан боғлиқлигини тахмин қилган.

Маълумот ўрнида

Россия Украинада уруш бошланганидан сўнг, Павел Дуров уни ортиқ россиялик миллиардер демасликни сўраган. Қайд этиш керак, у Кариб денгизи оролларида жойлашган Сент-Китс ва Невис штати, Франция ҳамда БАА паспортларига эгалик қилиш билан бир қаторда Россия давлати фуқароси ҳам ҳисобланади.

Дуров нега қўлга олингани ҳақидаги тахминлар

Павел Дуров геосиёсий ўйинлар қурбонига айланган бўлиши ҳам мумкин. Унинг ҳибсга олиниши Янги Каледониядаги мустақиллик ҳаракатини қўллаб-қувватлаши ва геосиёсий кескинликлар шароитида дезинформацияларнинг тарқалиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Янги Каледония Франциянинг Тинч океанидаги ҳудуди бўлиб, у ерда узоқ вақтдан бери тартибсизликлар давом этмоқда.

Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманин Хитой ҳамда Россия биргаликда Янги Каледониянинг ички ишларига аралашгани ҳақида маълум қилганди.

Бундан ташқари, ОАВларда Дуровнинг ҳибсга олиниши махсус хизматларнинг «Париждаги кечки овқат» номли тезкор операцияси натижаси бўлиши мумкин. Кўзланган мақсад — Россиянинг ахборот имкониятларини заифлаштириш ва АҚШнинг ижтимоий тармоқларнинг салоҳиятини ошириш ҳам бўлиши мумкин.

Дуровнинг шахсий самолёти Бокудан Парижга йўл олган. Самолёт учувчилари махсус хизматлар томонидан «сотиб олинган» бўлиши мумкин. Тунги парвоз пайти самолет қаерга учаётганини аниқлаш қийин.

Бундан ташқари, яна бир тахминга кўра, эҳтимол Дуров ўзи Бокудан сўнг Парижга расмийлар билан учрашиш учун борган бўлиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: