18:15 | 12.11.24

                       

Президент БМТнинг иқлим ўзгаришига доир саммитида нутқ сўзлади

Президент денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан давлат ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари  раҳбарлари иштирок этмоқда.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни ушбу саммитни муваффақиятли ташкил этгани билан самимий табриклаб, Озарбайжоннинг бугунги иқлим таҳдидларига қарши курашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон етакчиси қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган иқлим хатарларини танқидий таҳлил ва молиявий баҳолаш учун етакчи давлатлар, кўп томонлама институтлар ва конвенцияларнинг техник ва молиявий кўмагини кенгайтириш мақсадида Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этиш таклиф қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ хатарларни қисқартириш, барқарор биохилма-хиллик ва трансчегаравий сув ресурслари масалаларида ягона ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этиб, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мажбуриятлар тўғрисидаги Декларацияни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Ўзбекистонда ўсимликларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ҳамда денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этиш таклиф қилинди.

Иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва яшаш учун қулай шароитлар яратиш соҳасида тажриба ва билим, энг яхши амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ҳамда унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш ташаббуси билдирилди.

Президент COP29 мамлакатлари вакилларини келгуси йили 15 майда – Халқаро иқлим кунида Оролбўйида ўтказиладиган Рақамли «яшил» ташаббуслар глобал фестивалида иштирок этишга таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон умумий фаровонлик ва узоқ муддатли «яшил» тараққиёт йўлида очиқ мулоқот ва амалий шерикликка доим тайёр эканини таъкидлади.