19:27 | 05.11.24

                       

Президент ижтимоий хизматлар соҳасига оид таклифлар кўриб чиқди

Давлат раҳбари ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга оид таклифлар билан танишди.

Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.

Фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.

Болалар уйларида «Оналар маскани» ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик кўникмалари ўргатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади. Бу каби хизматларни ташкил килишда нодавлат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинади.

Оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар тарбияга берилгунига қадар «Инсон» маркази томонидан оилавий болалар уйига жойлаштирилади. Тарбияга бериладиган болалар учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Етим болаларни аниқлаш, уларни тарбияга олиш истагини билдирган шахслар маълумоти «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилади. «Инсон» марказлари болаларнинг қонуний вакили этиб белгиланади ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Шунингдек, бу марказлар тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитини, ёрдамларнинг мақсадли ишлатилишини ва тарбияга олган шахслар мажбуриятларини мониторинг қилиб боради.

Тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Бу борадаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Хусусан, давлат спорт мактабларида адаптив спорт бўйича гуруҳлар ташкил этиш, маҳаллалардаги майдончаларни ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам мослаштириш таклиф этилмоқда.

Давлат раҳбари бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: