9:20 | 27.09.24
Шавкат Мирзиёев қурилиш, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни қурилиш, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Маълумки, 2024 йил 3 апрель куни Янги Тошкент шаҳрида илк иншоотлар қурилиши бошланган эди. Давлат раҳбари бу улкан лойиҳа илм-фан ва маънавият масканларидан бошланаётганига урғу бериб, “булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади”, деган эди.
Шулардан бири – Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуадир. У жаҳонга машҳур “Zaha Hadid architects” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бўлажак мажмуа ўзига хос дизайни ва функционаллиги билан диққатга сазовор. Унда эстетика ва қулайлик моҳирона бирлаштирилиб, атроф-муҳит билан уйғунлик ҳосил қилади. Шу жиҳатлари билан мажмуа келгусида халқаро туризм масканларидан бирига айланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу нуфузли ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 мартдаги қарорига мувофиқ, бунга тайёргарлик бошлаб юборилган.
Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда режалар тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектларини асраш, улар бўйлаб саёҳатлар ва кўргазмалар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Меҳмонхоналар ва тадбирлар ўтказиладиган жойларда барча шароит яратилади. Сессия иштирокчиларининг келиб кетиши, маданий тадбирлар, транспорт ва тиббий хизматлар мувофиқлаштириб борилади.
Давлат раҳбари лойиҳаларни такомиллаштириш, амалдаги ишларнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида инвестиция дастурларининг бажарилиши ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилгандек, жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард доллар қийматидаги инвестициялар ўзлаштирилган. 200 га яқин саноат лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, 25 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Жумладан, Янгиҳаёт туманидаги технопаркда 46 та корхона ташкил этилмоқда.
Президент йил якунигача мўлжалланган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, энергия тежамкорликка алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: