Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилди
Давлат раҳбари, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш Ўзбекистоннинг стратегик вазифаларидан бири эканини айтган.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Шунингек, унинг ташаббуси билан ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақа давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланган.
Президент инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан бири эканини айтган.
«Кейинги йилларда бу борада катта тажриба тўпланди – таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади», – дейди давлат раҳбари.
Ушрашувда шунингдек, Президент хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласи эканини ва миллий сиёсат марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлиги, аёллар ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборатлигини айтиб ўтган.
Шунингдек, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизлар тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлаб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилган.