22:00 | 24.06.24
Президентнинг «Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни аниқлаш ва тергов қилиш услубларини такомиллаштиришга қаратилган рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтини ташкил этилиб, мазкур институт рақамли криминалистика соҳасида инновацион тадқиқот ва ишланмалар марказига айланиши назарда тутилган.
Қарорнинг асосий жиҳатлари:
Реестр рақамли далилларни, жумладан фотосуратлар, видео ва аудио ёзувлар, электрон ҳамёнлар ҳақидаги маълумотлар, крипто-активлар манзиллари, IP-манзиллар ва жиноятларнинг бошқа рақамли изларини тўплаш, қайд этиш, сақлаш ва таҳлил қилиш учун мўлжалланган. Реестрнинг жорий этилиши кибержиноятларни тергов қилиш самарадорлигини оширади ва рақамли далилларнинг ишончли сақланишини таъминлайди.
Мазкур қарорнинг ўзига хослиги унинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни, шу жумладан крипто-активлар ва блокчейн технологиялари соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш жараёнларини модернизация қилишга комплекс ёндашувидадир.
Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек рақамли маконда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратишга қаратилган.