Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи якунланди. Президент Москвадаги саммитда қандай масалаларни кўтарди?
Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида иштирок этиш мақсадида Москва шаҳрига қилган амалий ташрифи якунланди.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари, Россия, Озарбайжон, Беларусь президентлари иштирокидаги саммитда қандай масалаларга тўхталди?
Президент МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди:
МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди;
МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди;
ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа экани қайд этилди;
келгуси йил баҳорида Тошкент шаҳрида «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклиф этилди;
яқинда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг Тошкент конференцияси натижаларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли шерикликнинг янги йўналишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди;
шу муносабат билан МДҲ мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказиш ва шу каби қатор ташаббусларни амалга ошириш таклиф этилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бир қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.